Мирзиёев SOCAR ва BP раҳбарлари билан учрашди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “SOCAR” компанияси раҳбари Ровшан Нажаф ва “British Petroleum” компанияси катта вице-президенти Жованни Кристофолини қабул қилди. Учрашувда нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув Ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар кенгаши йиғилиши доирасида бўлиб ўтган. Мулоқотда Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида ушбу компаниялар билан йўлга қўйган ҳамкорлиги мамнуният билан қайд этилган.
Томонлар Устюрт платосидаги углеводород конларини ўзлаштириш бўйича навбатдаги амалий чора-тадбирларни муҳокама қилган. “British Petroleum” компаниясининг мазкур йирик лойиҳага қўшилгани алоҳида эътироф этилган.
Шунингдек, нефть-газ соҳасида янги лойиҳаларни илгари суриш, нефть ва нефть маҳсулотларини узоқ муддатли етказиб бериш ҳамда сотиш тармоғини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилган.






