АсосийЖАМИЯТ

“Аризани тинчитиш” учун 500 минг доллар сўраган 72 ёшли шахс 8 йилга қамалди

Судланувчи қилмишига пушаймонлигини билдириб, ёшини инобатга олган ҳолда жазони енгиллаштиришни сўраган.

'“Аризани тинчитиш” учун 500 минг доллар сўраган 72 ёшли шахс 8 йилга қамалди'ning rasmi

Бухорода ўзини Президент администрацияси масъул ходими сифатида таништириб, тадбиркордан 500 минг доллар талаб қилган 72 ёшли шахс 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд ҳукмига кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи Ҳ.Ю. Бухоро шаҳридаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбарига қўнғироқ қилиб, ўзини Президент администрацияси масъул ходими сифатида таништирган.

У тадбиркорга раҳбарлик қилаётган жамият фаолияти юзасидан текширув ўтказиш топшириғи берилганини, шунингдек, корхонага ажратилган кредит маблағлари мақсадсиз сарфлангани ҳақида маълумотлар борлигини айтган. Текширув натижасида тадбиркор барча мол-мулкидан маҳрум бўлиши мумкинлигини билдириб, уни қўрқитган.

Шундан сўнг Ҳ.Ю. масалани “тинчитиб бериш” эвазига тадбиркордан 500 минг доллар талаб қилган. У банк картасига 10 миллион сўм ўтказиб берилганидан кейин тезкор тадбир давомида қўлга олинган.

Судда Ҳ.Ю. айбига иқрор бўлмаган ва тадбиркордан ярим миллион доллар талаб қилмаганини билдирган.

Унинг кўрсатмасида айтилишича, у 2025 йил октябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали корхона раҳбарининг телефон рақамини топган. Кейинчалик жамият бош ҳисобчиси билан боғланиб, Президент администрациясида ишлашини айтган ва корхона раҳбарининг ўзига қўнғироқ қилишини сўраган.

Орадан икки кун ўтиб, у Бухорога борган. Когон темирйўл вокзалида уни корхона раҳбари кутиб олган ва улар жамият офисига борган. У ерда Ҳ.Ю. корхона фаолияти юзасидан шикоят келиб тушганини, ҳужжатларда камчиликлар борлигини айтган.

Бироқ корхона раҳбари, бош ҳисобчиси ва юристи ундан Президент администрацияси масъул ходими эканини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатишни сўраган. Шундан кейин Ҳ.Ю. Тошкентга қайтган.

Кейинчалик у тадбиркор билан Тошкентда учрашиб, муаммони ҳал қилишда ёрдам беришини айтган. 2025 йил 5 ноябрь куни эса банк картасига пул ўтказилса, раҳбарларига “едириб-ичириб”, масалани ҳал қилишга кўмаклашишини билдирган.

Тадбиркор унинг картасига 10 миллион сўм ўтказган. Ҳ.Ю. тадбиркор билан навбатдаги учрашуви вақтида тезкор тадбир давомида ушланган.

Судланувчи қилмишига пушаймонлигини билдириб, ёшини инобатга олган ҳолда жазони енгиллаштиришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди ҳукми билан Ҳ.Ю. Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жуда кўп миқдорда товламачилик қилиш жиноятида айбли деб топилган. Суд унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

    Бошқа янгиликлар