АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ташқи рекламани жойлаштириш тартиби соддалаштирилди

Ҳукумат қарори билан ташқи рекламани жойлаштириш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

'Ўзбекистонда ташқи рекламани жойлаштириш тартиби соддалаштирилди'ning rasmi

Ўзбекистонда тадбиркорлар ўзи фойдаланаётган бино ва иншоотларга жойлаштирган пешлавҳалар учун реклама жойи паспортини расмийлаштириши шарт бўлмайди. Шунингдек, юридик шахсларга ўзларига тегишли автотранспорт воситаларига реклама жойлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди.

Ҳукумат қарори билан ташқи рекламани жойлаштириш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Қарорга кўра, тадбиркорлик субъекти ўзи фойдаланаётган бино ёки иншоотнинг ташқи қисмида, жумладан, кириш жойида жойлаштирган номи ва фаолият тури ҳақидаги маълумотлар пешлавҳа ҳисобланади. Унда фирма номи, товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси кўрсатилиши мумкин. Бундай пешлавҳалар ташқи реклама ҳисобланмайди ва улар учун реклама жойи паспорти талаб этилмайди.

Шунингдек, юридик шахслар ўзларига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли автотранспорт воситаларига товар белгиси, фаолият тури, маҳсулот ва хизматлари ҳақидаги рекламани соддалаштирилган тартибда жойлаштириши мумкин.

Бунинг учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон хабарнома юбориш кифоя. Хабарнома қабул қилингач, тизимда реклама жойи паспорти автоматик равишда шакллантирилади. Бунинг учун йиғим ундирилмайди.

Агар хабарномада нотўғри маълумотлар ёки бошқа шахсларга тегишли товар белгилари кўрсатилгани аниқланса, паспорт бекор қилинади ва юридик шахсга сабаблари кўрсатилган хат юборилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар реклама жойи паспортынан ихтиёрий воз кечиш учун ҳам электрон портал орқали ариза юбориши мумкин. Бу ҳақдаги маълумотлар солиқ органларига автоматик равишда етказилади.

Қарор билан қисқа муддатли рекламаларни жойлаштириш шартлари ҳам аниқлаштирилди. Жумладан, қурилиш объектларидаги реклама қурилиш ишлари якунлангунига қадар, байрам ва бошқа тадбирларга оид рекламалар эса 30 кунгача жойлаштирилиши мумкин.

Ташқи реклама объектларига нисбатан қўлланадиган дизайн-код талабларини ўзгартириш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилди. Эндиликда бундай қарорлар жамоатчилик муҳокамасидан, жумладан, тегишли электрон портал орқали муҳокамадан ўтказилганидан кейингина қабул қилинади. Қарор эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.

Бунда рўйхатдан ўтказилган товар белгисидан фойдаланиш имконияти сақланиши керак. Тошкент шаҳрининг дизайн-коди 10 декабрга қадар тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида муҳокама қилинади.

Ҳужжатда ташқи реклама объектларини мажбурий демонтаж қилиш тартиби ҳам белгиланган. Унга кўра, демонтаж санаси ва вақти ҳақида икки кун олдин веб-сайтда эълон берилиши, объект эгасига эса ёзма хабар юборилиши шарт.

Демонтаж ишлари фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилади. Жараёнда объект эгаси иштирокида далолатнома тузилади. Унда демонтаж санаси, вақти, сабаби, фотосуратлар ва конструкция сақлаш учун юборилган манзил қайд этилади.

Тадбиркорларга тегишли қарорлар ва хабарномалар уларнинг юридик манзилига ёзма шаклда ҳам юборилади.

Шунингдек, ташқи реклама объектларининг жойлаштирилиши устидан жамоатчилик назоратини “Халқ назорати” электрон портали орқали амалга ошириш мумкин.

    Бошқа янгиликлар