АҚШ президенти маъмуриятининг Савдо вакили (USTR) Роберт Лайтхазер Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазирига ишчилар ҳуқуқини таъминлаш мезони бўйича Ўзбекистонга нисбатан Преференциялар бош тизими (ПБТ) қўлланишини қайта кўриб чиқиш жараёнини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хат юборди. Бу ҳақда Ўз А хабар берди.
Ушбу қарорга кўра, Ўзбекистоннинг АҚШ билан божсиз савдо қилиш тартибидан фойдаланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Шу билан бирга Республикага нисбатан 12 йил давомида очиқ қолиб келаётган мажбурий меҳнат бўйича иш ёпилди. Шу ҳақдаги ахборот Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги расмий сайтида эълон қилинди.
Преференциялар бош тизими - 1974 йилда қабул қилинган Савдо тўғрисидаги қонунга мувофиқ, ривожланаётган мамлакатлардан АҚШ ҳудудига товар олиб кириш - импортга нисбатан ўрнатилган божсиз режимдир. 1994 йил август ойида Ўзбекистонга ПБТ бенефициари мақоми (АҚШга товарларни божсиз етказиб бериш ҳуқуқи) берилди.
АҚШ Савдо вакилининг ҳатида ушбу қарор қабул қилинишининг асосий омили бу – Ўзбекистон ҳукумати ишчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишни яхшилаш бўйича кўраётган чора-тадбирлар экани таъкидланади. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан олиб борилган мониторинг натижаларига таянган ҳолда ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар натижасида кетма-кет беш йил давомида болалар меҳнатидан тизимли фойдаланиш ҳолати бартараф этилаётгани, мажбурий меҳнат сезиларли даражада камайгани эътироф этилмоқда.
Ўзбекистоннинг бошқа салмоқли ютуқлари қаторида АҚШ Савдо вакили пахта йиғим-терими мажбурий ҳажми бекор қилингани ва пахта теримчилари учун ҳақ тўлаш миқдори сезиларли даражада оширилганини таъкидлади. Бунинг натижасида юртимизда мажбурий меҳнат амалиёти бартараф этилиши учун қулай шарт-шароит яратилди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрь ойида АҚШ Савдо вакили офиси интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлаш мезони бўйича 1999 йилда бошланган Ўзбекистонга нисбатан қўллаш амалиётини тўхтатишга қарор қилган эди.
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни АҚШ президенти маъмурияти Савдо вакилининг расмий веб-сайтида ПБТни бир қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистонга нисбатан қўллашни қайта кўриб чиқиш жараёнини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингани эълон қилинди.






