Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
"Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш” инвестиция лойиҳасига кўра, 2020-2023 йилларда заводда гидрокрекинг ва изомеризация (ёқилғи ва мой маҳсулотлари олиш усули) жараёларини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда «Евро-5» стандарти талабига жавоб берадиган автомобил бензинлари ва дизел ёқилғиларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Айни пайтда мазкур заводнинг ГДС қурилмаси (дизел ёқилғисини гидротозалаш)даги 1,3 миллион АҚШ доллар қийматли катализатор алмаштириш йўли билан биринчи босқич ишлари амалга оширилиб «Евро 4» ва «Евро 5» маркали дизел ёқилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, Фарғона НҚИЗ илгари ишлаб чиқарилмаган ва чет элдан сотиб олинадиган қишки дизел ёқилғисини ишлаб чиқаришни бошлайди. Шундай қилиб, завод мутахассислари лаборатория тадқиқотлари, саноат синовлари хамда янги ДТЗ-2 маркасидаги паст қотиш хароратига эга қишки мавсум учун мўлжалланган дизел ёқилғисини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бутун циклни амалга оширдилар.






