"Ўзбеккўмир" АЖ тамонидан Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари бўйлаб ташкил этилган пресс-тур доирасида масъуллар журналистларнинг кўмир сифати билан боғлиқ саволларига жавоб қайтарди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўмир ва ундан тайёрланадиган брикетларнинг иссиқлик бериш калорияси бир хил. Аммо брикетлар кўмирга нисбатан сақлаш ва ўчоққа солиб ёқишда қулайлиги билан ажралиб туради.
Маълумки, ижтимоий тармоқларда аҳоли ва муассасаларга берилаётган кўмирнинг сифатсизлиги кенг муҳокама қилинмоқда, унга ёниши қийин бўлган таркибий қўшилмалар қўшилиши ҳақида эътирозлар билдирилмоқда. Бу масалада ҳам масъуллар изоҳ бериб ўтди.
Эркин ЯҚУБОВ, “Ўзбеккўмир” АЖ директори ўринбосари:
–Кўмир таъминоти шахобчаларида стандарт талабларига жавоб берадиган кўмир ва брикетлар махсус машиналарга юклаб, аҳолига жўнатилади. Бу хомашё махсус лабораторияларда текшириб, назоратдан ўтказилади. Уни олиб боргандан кейин қабул қилиб оладиган муассаса ходимлари махсус технология асосида сақлаши керак.
Кўмирнинг ўз инкубация даври ва сақлаш талаблари бор. 20 кундан кейин агар сифатли кўмир ҳам қорда, ёмғирда ва очиқ ҳавода қолса, ҳар бир кун сайин ўз хусусиятларини йўқота бошлайди.
Шунинг учун қаттиқ ёқилғи сифати бузилмаслиги учун махсус омборларда устидан сувоқ қилган ҳолда сақланиши керак. Негаки иссиқлик тегса кўмир қўрийди ва уқаланиб кетади, шу тарзда унинг сифати бузилиши мумкин.
Манзура БЕКЖОНОВА, Бухоро-Қашқадарё






