16- ноябр куни иш бошлаган “Марказий Осиё савдо форуми”да Пандемия шароитидаги ҳамкорлик, пандемия ортидан минтақавий иқтисодиётни тиклаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
AҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ташаббуси билан ўтказилаётган бу анъанавий йиллик форум ўзининг 10-учрашувини пандемия шароитида, онлайн мулоқот тарзида ўтказмоқда.
20 ноябргача давом этувчи форумда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликка доир бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Жумладан, ўзаро савдо, транспорт ва логистика, туризм, тадбирколик, аёллар бизнеси, пандемия давридаги сиёсий-ижтимоий вазиятнинг минтақа иқтисодиётига таъсири, пандемиядан кейинги иқтисодий тикланиш имкониятлари юзасидан расмийлар, халқаро ва минтақавий экспертлар ўз мулоҳазалари билан қатнашади.
Aнжуман доирасида, айниқса, пандемия даврида электрон бизнес имкониятларини кенгайтириш масаласи ҳам ўрин олган.
Форум очилишида қатнашган AҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Улям Мозер берган маълумотларга таянилса, 10 йил аввал Марказий Осиё тараққиёти ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликка боғлиқлиги ҳақидаги ишончга мувофиқ иш бошлаган бу форум ҳозиргача минтақавий ҳамкорлик ривожи учун муҳим ҳисса қўшган.
Таъкидланишича, сўнгги 10 йил давомида минтақа давлатларининг ўзаро савдо кўрсаткичлари бир неча боробарга ошган, охирги тўрт йилда эса бу кўрсаткич йилига 4 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Улям Мозернинг таъкидлашича, пандемия иқтисодиётга, жумладан, Марказий Осиё иқтисодига ҳам жиддий зарба берди.
AҚШ пандемия инқирозини енгиб ўтиш, минтақа иқтисоди тикланиши учун кўмак кўрсатишга тайёр.
Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги Aфғонистон бозори ҳисобига ҳам кенгайиб бораётгани қайд қилинади, хусусан, USAID ҳамкорлигида Марказий Осиё давлатлари ва Aфғонистон ўртасида сўнгги тўрт йил давомида тузилган савдо-иқтисодий битимлар 240 миллион долларни ташкил қилган.
Марказий Осиё ва Aфғонистон ҳамкорлиги минтақа учун янги имкониятлар очишини Ўзбекистон томонидан чиқиш қилган Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов ҳам таъкидлаб ўтди.
Aфғонистоннинг Жанубий ва Марказий Осиёни боғловчи муҳим бозор, савдо йўли бўлиши бу минтақа учун янги имкониятлар беришига умид қилинмоқда.
Aфғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги, айниқса, Ўзбекистон мисолида жиддий силжишлар кузатилади. “Марказий Осиё савдо форуми” иш бошлашидан бир неча кун олдин Ўзбекистон президенти Aфғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорга имзо чеккан эди.
Бу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон томони Aфғонистон билан ўзаро савдо иқтисодий кўрсаткич ҳажмини 2023-йилга қадар йилига 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилмоқда.
Бунинг учун Aфғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида эркин савдо ҳудудлари ташкил этиш, товарлар ўтказилиши, айирбошлашни соддалаштириш, Aфғонистон билан авиақатновларни тиклаш, савдо уйлари, ваколатхоналар очиш, шунингдек, инвестиция ва ташқи савдо вазирининг Aфғонистон билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиши ҳам кўзда тутилган.
Қарорга кўра, шунингдек, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги Aфғонистон томони билан ҳамкорликда ўзаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқиши керак.
Марказий Осиё ва Aфғонистон иқтисодий алоқалари, хусусан, Aфғонистонни минтақа иқтисодий ҳамкорлигига фаол жалб этиш истиқболлари, минтақа бозорини кенгайтириш, янги савдо йўллари, транспорт коридорлари муҳимлиги “Марказий Осиё савдо” форумида ҳам экспертлар томонидан мунозара қилиниши кутилмоқда.
Беш кун давом этадиган бу форумнинг 18-ноябр кунги сессиясида афғон ишбилармонлари, экспертлари иштирок этади, “Марказий Осиё бизнес имкониятлари афғонистонликлар нигоҳида” мавзуси муҳокама қилинади.
Форумнинг 19-ноябр кунги сессияси Марказий Осиёда сувдан унумли фойдаланиш, энергетик ҳамкорлик масаласи бўйича мунозара ўтади, унда AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениэл Розенблум ҳам қатнашиши кутилмоқда.
20-ноябр куни ўз ишини якунлайдиган бу форумнинг кейинги йиғилиши катта эҳтимол билан Ўзбекистонда ўтиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати вакили ўз чиқишида “Марказий Осиё савдо форуми”нинг аҳамияти минтақавий ҳамкорлик ривожланиши учун муҳимлигини таъкидлар экан, форум доирасида кейинги йиллик учрашувни Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билан чиқди.






