Жибути қирғоқлари яқинида 305 нафар муҳожирни олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетди. Ҳодиса оқибатида камида 139 киши, жумладан, 15 нафар бола ҳалок бўлган. Яна 84 киши бедарак йўқолган, 82 киши эса омон қолган. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 8 октябрдан 9 октябрга ўтар кечаси Жибутининг шимолидаги Обок шаҳри яқинида, Гуҳер ҳудуди соҳилларида содир бўлган. Қайиқ Жибутидан Яманга йўл олган. Омон қолганларнинг барчаси Эфиопия фуқаролари экани айтилмоқда.
Халқаро миграция ташкилоти ушбу ҳалокатни Африка шохи ва Арабистон яримороли ўртасидаги шарқий миграция йўналишида юз берган энг йирик фожиалардан бири деб баҳолади.
Ташкилотнинг Жибутидаги миссияси раҳбари Александр Койссак ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, бедарак йўқолганлар ҳақида ҳануз хабар кутаётган оилалар оғир вазиятда эканини таъкидлади.
Айни вақтда Жибути расмийлари бедарак йўқолганларни қидириш ва қутқариш ишларини давом эттирмоқда. Халқаро миграция ташкилоти Обок шаҳридаги ёрдам марказида 64 нафар омон қолган кишига тиббий, руҳий ва озиқ-овқат ёрдами кўрсатмоқда.
Шарқий миграция йўналиши дунёдаги энг гавжум ва хавфли йўллардан бири ҳисобланади. Ҳар йили юз минглаб одамлар, асосан, Эфиопия ва Сомали фуқаролари Форс кўрфази мамлакатларига, жумладан, Саудия Арабистонига етиб бориш учун ушбу йўналишдан фойдаланади.
Ташкилот маълумотларига кўра, 2025 йилда мазкур йўналишда 900 дан ортиқ киши ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Шу даврда ушбу йўл орқали сафарга чиққан муҳожирлар сони 18 фоизга ошган. 2026 йил март ойида ҳам қайиқ ҳалокати оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлиб, 45 киши бедарак йўқолган.






