Давлат раҳбари Янги Тошкент ҳақиқий “яшил шаҳар” бўлиши шартлигини таъкидлади. Ҳудудда барпо этиладиган объектларга “яшил бино” стандартлари татбиқ этилмоқда. Бироқ бундай сертификатларни олиш тадбиркорлар учун қўшимча харажат экани ҳам инобатга олинди.
Шу муносабат билан қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган нотурар жой лойиҳалари учун “яшил” сертификат харажатлари давлат томонидан тўлиқ қопланади.
Шунингдек, инвесторлар сотиб олган ҳар бир ер майдонининг 30 фоизини кўкаламзорлаштириш талаби Янги Тошкентдаги лойиҳаларга татбиқ этилмайди. Шаҳар ҳудудининг 30 фоизини яшил майдонларга айлантириш бош режа асосида давлат томонидан таъминланади.
Йирик инвесторлар билан ишлашда ҳам янги тизим жорий этилади. Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган ҳар бир лойиҳа учун масъул шахс бириктирилиб, у объект ишга тушгунига қадар инвесторга ҳамроҳлик қилади ва юзага келадиган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, “50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага — битта инвестиция битими” тамойили амал қилади. Бунда инвесторнинг мажбуриятлари ва таваккалчиликлари ҳисобга олиниб, шунга мос имтиёзлар пакети белгиланади.






