Непалнинг марказий қисмида кўчки оқибатида дарё ўзани тўсилиб қолиши натижасида сув тошқини содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида беш киши бедарак йўқолган. Ҳарбийлар 49 кишини, жумладан, фуқаролиги номаълум бир нафар хорижликни қутқарган. Бу ҳақда Синьхуа хабар берди.
Маълум қилинишича, табиий офат 11 октябрь куни пойтахт Катмандудан тахминан 100 километр ғарбда жойлашган Горкха туманидаги Чумнубри қишлоғида содир бўлган. Кўчки натижасида тупроқ массалари Будхи-Гандаки дарёсини тўсиб қўйган. Оқибатда сув қирғоқларидан тошиб, дарёнинг қуйи оқимидаги ҳудудларни сув босган.
Сув тошқини оқибатида ўнга яқин уй ва иккита осма кўприк вайрон бўлган. Шунингдек, гидроэлектр станцияси қурилиши учун ташкил этилган ишчилар лагерига зарар етган, қурилиш ускуналарининг бир қисмини сув оқизиб кетган.
Сув сатҳи янада кўтарилиши хавфи туфайли маҳаллий ҳокимият дарё бўйида яшовчи аҳолини хавфли ҳудудларни тарк этиб, хавфсиз жойларга кўчишга чақирган. Дастлабки маълумотларга кўра, аҳоли орасида ҳалок бўлганлар ҳозирча қайд этилмаган.
Будхи-Гандаки дарёсининг Тришули дарёси ҳавзасида жойлашгани вазият юзасидан хавотирни янада кучайтирмоқда.
Аввалроқ, жорий йилнинг август ойида ҳам ушбу минтақада йирик табиий офат содир бўлгани хабар қилинганди. Ўшанда музликнинг ўпирилиб тушиши оқибатида юзага келган кучли сув тошқини 1 457 кишининг ҳаётига зомин бўлгани, минглаб одамлар эса бедарак йўқолганлар рўйхатида қолаётгани айтилганди.






