Жаҳон банки Ўзбекистоннинг тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси доирасида 500 миллион доллар маблағ ажратишини маълум қилди. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, операция доирасида Ўзбекистондаги COVID-19 пандемиясининг салбий ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш ва 2017—2021 йилларда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ислоҳотларни амалга ошириш ишлари қўллаб-қувватланади.
«Жаҳон банки томонидан маъқулланган Тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси 2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилган асосий ислоҳотларнинг ютуқларини мустаҳкамлашга ёрдам беради, шунингдек, турли ресурслар ва унинг иқтисодиётдаги иштироки устидан давлат назоратини камайтиришга қаратилган янада мураккаб ислоҳотлар учун мустаҳкам замин яратади», — дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Маълумот учун, Жаҳон банки ҳозирда Ўзбекистоннинг 25 лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда. Унинг молиявий ва техник ёрдами макроиқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув ва канализация, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш каби соҳаларда қўлланилиб келмоқда.






