Буюк Британия, Дания, Нидерландия ва Aвстралияда коронавируснинг янги тури аниқлангани дунё миқёсида яна хавотирли ҳолатни келтириб чиқарди. Бу ҳақда Платформа ёзмоқда.
Хабарда ёзилишича, ушбу давлатларда, ҳақиқатан ҳам, COVIDнинг мутацияга учраган тури қайд этилганини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тасдиқлади. Ҳозирча мазкур инфекция хусусида аниқ бир таҳлил йўқ. Фақат шуниси аёнки, янги турдаги коронавируснинг тарқалиш хусусияти жуда юқори.
Шунинг учун ҳам ҳозирги вақтда 20 дан ортиқ давлат хавфлиликнинг тўртинчи даражаси эълон қилинган Буюк Британия билан авиақатновларни вақтинча тўхтатди. Саудия Арабистони эса чегараларини бир ҳафтага тўлиқ ёпди ва халқаро рейсларни бутунлай бекор қилди. Бошқа кўплаб мамлакатлар ҳам COVIDнинг янги штамми аниқланган мамлакатлардан келувчиларни қатъий назоратга олиб, карантин чораларини кучайтирди.
Хўш, халқаро майдонда эпидемиологик вазият яна мураккаблашаётган экан, биз бу борада қандай эҳтиёт чораларини кўрмоқчимиз? Ўзи хавотирланишга асос борми? Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мана шу хусусда аҳолига тезкор ва аниқ маълумот тақдим этса, мақсадга мувофиқ бўларди.






