2021 йилнинг 1 январь куни, соат 18:00 ҳолатига кўра, мамлакатимизда 1086 нафар чақалоқ дунёга келди. Янги йилнинг биринчи куни туғилган чақалоқларнинг 564 нафари ўғил бола, 522 нафари эса қиз бола бўлиб, энг кўп бола ҳозирча Самарқанд вилоятида (148 нафар чақалоқ) дунёга келди.
Шунингдек, янги туғилган чақалоқлар рейтинги бўйича Қашқадарё вилояти (115 нафар) ва Фарғона вилояти (113 нафар) кучли учликни якунлаган.
Туғилганларнинг 5 нафари эса эгизакларни ташкил қилади. Айни пайтда шифокорларимиз уларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича сифатли тиббий хизмат кўрсатишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, юртимизда давом этаётган дам олиш кунлари мавжуд бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи 2 369 та амбулатория-поликлиника муассасалари, туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча 573 та шифохоналар, шошилинч тиббий ёрдам шифохоналари ва “тез ёрдам” хизмати муассасалари ҳамда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг худудлардаги филиаллари, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари билан бир қаторда мамлакатимиздаги 219 та туғруқ муассасаларида ҳам тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 январь куни 1708 нафар, 2020 йилнинг шу куни эса 1974 нафар чақалоқ дунёга келганди.






