Қарши шаҳри ва Шаҳрисабз туманларида содир бўлган ёнғинларда қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракати билан 2 нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ФВБ Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 1 январь, соат 08.50лар атрофида Қарши шаҳар “Беклар” маҳалласи Баланднов кўчаси 13-уйда яшовчи фуқаро Ў.Қ нинг яшаш уйи шифт ва том қисмининг 20 метр кв. майдони ёнғиндан зарар кўрган. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган ёнғин-қутқарувчилари хонадон эгасини ҳушсиз ҳолатда топишган ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишиб, ҳаётини сақлаб қолишган.
Кеча яна бир шундай ҳолат соат 09.50 лар атрофида Шаҳрисабз тумани “Мўминобод” маҳалласидаги хонадонларнинг бирида руй берган. Ушбу ёнғин натижасида фуқаро Р.М нинг яшаш уйини пол қисми қисман ёнган. Қутқарувчилар ёнғинни ўчириш чоғида хонадон соҳиби фуқаро Р.М.ни ёнғин ичидан олиб чиқишган ва шифохонага ётқизишган.
Ҳар иккала ёнғин сабаби ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Маълумот учун, вилоят ҳудудида 2021 йил 1 январ куни 5 маротаба ёнғинлар қайд этилди. Ушбу ёнғинлар Китоб, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Муборак туманлари ҳамда Қарши шаҳридаги аҳоли яшаш хонадонларида руй берди. Тан жароҳати олганлар йўқ.







