Бугун, 14 октябрь куни кечқурун Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ёмонлашиши кутилмоқда. Айрим соатларда ифлосланиш даражаси сезгир гуруҳлар учун носоғлом кўрсаткичга етиши мумкин. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳаводаги ифлослантирувчи заррачалар миқдори энг кўп соат 22:00 дан 23:00 гача бўлган вақтда шаҳарнинг шимолий ва ғарбий қисмларида кузатилиши прогноз қилинмоқда.
Маълум қилинишича, 14 октябрга ўтар кечаси пойтахтда ҳаво сифати асосан ўртача даражада бўлган. Бироқ айрим вақтларда ва ҳудудларда кўрсаткичлар қисқа муддатга ёмонлашган.
Бунга кучсиз шамол ва ҳарорат инверсияси сабаб бўлган. Бундай шароитда ифлослантирувчи заррачалар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади.
Миллий ҳаво сифати индексига кўра, PM2,5 заррачалари кўрсаткичи “яшил”, PM10 заррачалари эса “сариқ” даражада сақланган.
Прогнозларга кўра, бугун соат 10:00 дан 17:00 гача ҳаво сифати асосан ўртача даражада бўлиб, ҳаво сифати индекси 75–100 оралиғида бўлиши кутилмоқда.
Соат 19:00 дан кейин ҳаводаги ифлослантирувчи заррачалар миқдори ортиши мумкин. Соат 20:00 дан 23:00 гача эса ҳаво сифати индекси 100–150 оралиғига кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Бу, айниқса, нафас йўллари касалликлари бўлган инсонлар ва ҳаво ифлосланишига сезгир бошқа гуруҳлар учун ноқулай шароит юзага келиши мумкинлигини англатади.
“Атмосфера ҳавоси сифати махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда”, дейилади хабарда.






