Актёр Билол Исхаков ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага мурожаат йўллади. У Тошкент шаҳридаги суд биноси ичида туғишган акаси калтакланганини айтиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва оиласига амалий ёрдам кўрсатишни сўради.
Актёр мурожаатида воқеа акс этган видеони ҳам эълон қилди. Унинг таъкидлашича, кадрларда қора кийимдаги шахс оқ футболкадаги акасига бир неча бор зарба бераётгани кўринади. Исхаков, шунингдек, воқеа вақтида ички ишлар ходими жанжални тўхтатиш ўрнига ташқарига чиқиб кетганини билдирди.
"Суд биносининг ичида, ички ишлар ходимлари томонидан қатъий қўриқланадиган махсус объектда содир бўлаётган ҳолатга ходимнинг бефарқ қарашига нима дейсиз?" — деди актёр мурожаатида.
Билол Исхаков Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари ва туман прокуратураси фаолиятидан норози эканини ҳам билдирди. Унинг айтишича, Худоёр Зупаров ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 168, 165, 277 ва 228-моддалари бўйича иш юритилмоқда.
Актёр иш материалларида суд-тиббий ва хатшунослик экспертизалари хулосалари мавжудлигини таъкидлаб, шунга қарамай, гумонланувчиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмаётганини даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, туман прокуратураси томонидан учинчи марта қайта экспертиза тайинлаш масаласи кўтарилмоқда.
Исхаковнинг билдиришича, 2026 йил 23 сентябрь куни у ва оиласи Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов, шаҳар прокурори Анвар Ўрмонов ҳамда Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилган. Актёрнинг айтишича, шаҳар ҳокими ва прокурор унинг шикоятини тинглаб, тегишли мутасаддиларга топшириқ берган.
Бироқ, актёрнинг таъкидлашича, шундан кейин ҳам муаммо ҳал этилмаган ва оиласи идораларга мурожаат қилишда давом этмоқда.
Билол Исхаков Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевадан ҳолатга эътибор қаратишни, қонун устуворлигини таъминлашда ҳамда Худоёр Зупаровга нисбатан қонуний чора кўриш масаласида амалий ёрдам беришни сўради.
Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан масъул идораларнинг расмий муносабати ҳақида маълумот мавжуд эмас. Актёр билдирган даъволарнинг барча тафсилотлари ҳамда уларга ҳуқуқий баҳо берилгани мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.






