Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент халқаро аэропортининг «Тиббиёт дунёси» МЧЖ билан имзолаган шартномасига кўра, тест таҳлилларини олиш ваколати ушбу корхонага берилган ва йўлга қўйилган.
Компания директори ўринбосари эса жамоатчиликка таниш Баҳром Алматов ҳисобланади, деб хабар бермоқда Kun.uz.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Баҳром Ибрагимович Алматов 2020 йилнинг 18 апрелида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланган.

Баҳром Алматов 2019 йилнинг сентябрида ССВ ҳузурида ташкил этилган Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директори – Ўзбекистоннинг Бош давлат санитария врачи этиб тайинланган эди. 2020 йил апрелида эса у агентлик директорининг ўринбосари лавозимини эгаллаганди. Ушбу агентлик ташкил этилганидан бир йил ўтиб тугатилган.
Хабарга кўра, 2020 йил 31 декабрь куни суҳбатда Баҳром Алматов ўзини «Тиббиёт дунёси» МЧЖ директори ўринбосари сифатида таништирган.
Қайд этиш лозим, Ўзбекистонга кириб келаётган йўловчиларда ПЗР тестининг манфий натижаси тўғрисидаги маълумотнома мавжудлигидан қатъи назар, улардан экспресс тест топшириш талаб этилмоқда.
«Тиббиёт дунёси» МЧЖ директор ўринбосари Баҳром Алматов аэропортга келган йўловчилар экспресс тест топшириши учун 150 минг сўм нарх белгилангани, 28 декабрдан бу нарх 95 минг сўмга туширилгани, талабалар эса 50 минг эвазига тест топширишлари мумкинлигини маълум қилганди.
Аммо ушбу хизматни кўрсатишдан мақсад тадбиркор учун даромад топишми ё бу ижтимоий масъулият юзасидан кўрсатиладиган хизматлардан бирими?
Ҳукумат шу пайтгача аэропортдан кириб келувчи йўловчилардан ПЗР манфий тест натижасини талаб қилиши баробарида нега АГ экспресс тест олинаётганини асослантириб, изоҳламаган. Шунингдек, ушбу хизматни кўрсатиш учун қайси фирмалар, қандай талаблар асосида танлаб олингани номаълум.
Маълумот учун, «Тиббиёт дунёси» МЧЖ устав фондидаги улушлар тенг миқдорда Аслам Бўриев, Феруза Бўриева, Сайёра Бўриева ва Фарида Бўриевага тегишли.
Маълум қилинишича, 2018 йили компания таъсисчиси Аслам Бўриевга нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилганди. У йирик миқдорда фирибгарлик қилганликда гумон қилинган ва жиноий иш очилишига ҳиндистонлик тадбиркор Прем Назир асос солган ҳамда Сингапурда рўйхатдан ўтган «Profil Trading Pte.Ltd» компанияси билан имзоланган шартнома бажарилмаганига доир важлар асос бўлганди.






