Буюк Британияда аниқланган ва юқумлилиги жиҳатидан кучлироқ экани айтилган COVID-19нинг янги штамми болаларда бироз бошқача аломатлар билан кечаётгани аниқланди. Бу ZOE Symptom Tracker иловаси ёрдамида олиб борилган тадқиқотлар туфайли маълум бўлди.
Соғлиқни сақлаш бўйича мутахассисларнинг фикрига кўра, касал болаларнинг аксарияти чарчоқдан азият чекади. Инфекцияни юқтирган чақалоқларда тез-тез йиғлаш ҳолатлари учрайди.
Касалланган болаларнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) бош оғриғидан шикоят қилдилар. Шу билан бирга, уларда қорин оғриғи ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун, шифокорлар ота-оналарга қорин бўшлиғидаги ноқулайлик билан бир вақтда пайдо бўладиган бош оғриғи бор-йўқлигини болаларидан сўраб туришларини маслаҳат беришмоқда.
Яна бир аломат — 37 даражадан юқори иситма. У коронавируснинг "британча" штамми билан оғриган болаларнинг деярли ярмида учради.
Шунингдек, ZOE Symptom Tracker иловаси бетоб болаларнинг 38 фоизи томоқ оғриғидан шикоят қилишганини аниқлади, бу аломат одатда вирусли инфекциянинг белгиси. Томоқдаги оғриқ шамоллаш, грипп ёки COVID-19нинг белгиси бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, касалланганларнинг тахминан 35 фоизи иштаҳани йўқотганларини айтишган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, кўпинча бир ёшга тўлмаган чақалоқлар бунга дуч келишади. Шунинг учун улар ота-оналарга таомни кичикроқ қисмларга бўлиб, болаларни кам порция билан, аммо тез-тез овқатлантиришни маслаҳат беришади.