1

“Малакали ўқитувчиларга талаб жуда юқори”. Шерзод Шерматов “ўқитувчилар мавжуд ставкалар сонига қараганда 80 мингга кўп” деган сўзларига изоҳ берди.

ЖАМИЯТ 17.01.2021, 09:32
Теглар: Халқ таълими вазирлиги, Шерзод Шерматов
“Малакали ўқитувчиларга талаб жуда юқори”. Шерзод Шерматов “ўқитувчилар мавжуд ставкалар сонига қараганда 80 мингга кўп” деган сўзларига изоҳ берди.

"Аввалроқ, соҳада ярим миллион ўқитувчилар бўлиб, улар мавжуд ставкалар сонига қараганда 80 мингга кўп деб берган маълумотимизга озгина аниқлик киритсак.

Мактабларда айнан малакали ўқитувчиларга талаб жуда юқори. Лекин ушбу графикда кўришингиз мумкинки, атиги 3% ўқитувчи олий тоифага, 11% эса биринчи тоифага эга, яъни умумий 14% ўқитувчини яшил категорияга ажратса бўлади. Булар нафақат мактаб директори томонидан эъзозда, балки ота-оналар ҳам айнан шундай малакали ўқитувчиларни репетитор сифатида  қўшимча дарс беришга кўндиришга ҳаракат қилишади. 

Аввалги пост графигидаги қизил категориядаги мактабларга борилса, аксариятида умуман олий тоифали ўқитувчи йўқ экани кўринади. Аксинча, яшил категориядаги мактабларда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар ҳам нисбатан кўпроқ бўлиб чиқяпти.

Энди, қуйироқдаги графикка эътибор берсангиз, яшил категорияли ўқитувчилар педставкага нисбатан кўп эмас, аксинча жойларда уларга талаб жуда юқори. Қизил категориядаги, яъни тоифасиз ўқитувчилар орасида ва умуман олий таълимда ўқимаган ўқитувчилар орасида айнан бир ўқитувчи ўрнида бир неча ўқитувчи ишлаётгани графикдан яққол кўринади. Бунинг натижасида уларнинг ҳақиқатда олаётган ойлиги ҳам анчагина камаяди. Ушбу қизил категориядаги ўқитувчилар умумий ўқитувчиларнинг ярмидан кўпини ташкил этади. 80 минг ўқитувчи кўпроқ дейилгани ҳам айнан ушбу қизил категориядаги ўқитувчилар орасидадир. 

Шу сабабли, қизил категориядаги ўқитувчиларимиздан кўпроқ ўз устиларида ишлаб, ўз фанларини чуқурроқ ўрганиб, навбатдан ташқари малака тоифа имтиҳонларидан ўтиб, ўз тоифаларини оширишларини сўраймиз. Шу орқали уларнинг ойлик маошлари ҳам ошади. Тоифасиз ўқитувчи ва олий тоифали ўқитувчи ойлиги орасидаги фарқ ҳам анчагина, шунингдек, хабарингиз бор юқори тоифали ўқитувчидан соат ортиб қолсагина пастроқ тоифа ўқитувчига бериладиган тартиб жорий этилмоқда. Бу эса малакали ўқитувчининг ойлиги яна ошишига ёрдам беради. Бундан буёғига ҳам ойлик ошириш бўйича сиёсат юқори малакали ўқитувчи билан тоифасиз ўқитувчи ойлиги орасидаги фарқни оширишга қаратилади.

Ўқитувчи бошқа туманга ишлаш учун борганига 50%, бошқа вилоятга борганига эса 100% қўшимча тўланиши ҳам фақат олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларга тааллуқли бўлгани ҳам бундай ўқитувчиларимиз ўз устиларида ишлашлари учун қўшимча стимул бўлади деб умид қиламиз.

Ўқитувчининг ўз касбини ҳамда болаларни севиши, ўз малакасини доимий ошириб бориши энг муҳим масаладир ва қолган ташқи факторлар иккиламчи. Масалан, яқинда Булунғур туманидаги 2 та тўқ қизил категориядаги мактабларга ташрифимиз чоғида шунга гувоҳ бўлдикки, аввало, уларнинг моддий техник ҳолати ўша тумандаги яшил мактабникидан яхшироқ экани, ҳамда қизил мактаблар битирув синфларидаги ўқувчилари сони 15,16 ва 19 нафарни ташкил этгани ва аксинча яшил мактабда ўқувчилар сони синфда бундан анча кўп бўлган.

Уч-тўрт йил аввал бундай талаб қўйиб бўлмас эди, чунки ўқитувчи ўзининг ишидан бошқа барча иш билан шуғулланар, ҳамда қоғозбозликка кўмилган эди. Ҳозир эса ўқитувчидан фақат ўз устида ишлаш, ҳамда ўқувчиларнинг натижага эришишларига ҳаракат қилиш талаб этилади. Ҳозирнинг ўзидаёқ, дарҳол қизил категориядаги ўқитувчига чора кўрилсин деб айтилгани йўқ. Асосий мақсадимиз таълим сифатини оширишга биргаликда ҳаракат қилиш! Ўқитувчилар орасида ҳам соғлом рақобат шаклланиши барча мактабларда таълим сифати ошишига ёрдам беради.

PS. Эслатиб ўтмоқчиман: Олий ва биринчи тоифани Халқ таълими вазирлиги бермайди. Тоифани алоҳида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси имтиҳонлари асосида берилади" деган вазир ўз телеграм саҳифасида.

Шарҳлар

Дарслар онлайн шаклда ўтилса ҳам иш ҳақи тўланади — ХТВ

22.01.2022, 20:55

Таълим жараёни “онлайн” шаклда амалга ошириладиган даврда умумтаълим муассасалари ва “Баркамол авлод” мактаблари педагог ва бошқа ходимларига, шу жумладан меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш асосида фаолият...
Мактаб ўқувчиларининг репетиторсиз талаба бўла олишлари сизнинг қўлингизда - ХТВ вазири

30.11.2021, 22:26

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабалари билан учрашди. Учрашувда университет ректори Абдуғаффор Қирғизбоев, таълим даргоҳи ўқитувчилари ва бўлғуси педагог...
"Энг алам қиладигани, ушбу мактабга ўтган йили ўзим борганман" - Шерматов ўқувчилари полда дарс қилаётган мактаб бўйича изоҳ берди

11.09.2021, 06:29

Куни кеча Қашқадарёдаги мактабда болалар парта йўқлиги учун полда дарс қилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди."Кимдир...
Халқ таълими вазири: Чироқчи мактаб таълими муаммолари йиғилиб қолган энг оғир ҳудуд

26.08.2021, 07:49

Чироқчидаги мактабларни ўрганиб юрганимда, кутилмаганда давлатимизнинг юксак мукофоти – «Дўстлик» ордени билан тақдирланганимни эшитиб бошим осмонга етди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1