АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

ChatGPT, Gemini ва бошқа сунъий интеллект платформалари ўзбек тилининг янги алифбосига мослаштирилади

2026–2027 йилларда OpenAI, Google, Anthropic, xAI, DeepSeek, Meta ва бошқа компанияларга уларнинг сунъий интеллект платформаларини такомиллаштирилган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларига мослаштириш бўйича расмий мурожаатлар юборилади.

'ChatGPT, Gemini ва бошқа сунъий интеллект платформалари ўзбек тилининг янги алифбосига мослаштирилади'ning rasmi

Ўзбекистонда ChatGPT, Gemini, Claude, Grok, DeepSeek ва Meta AI каби сунъий интеллект платформаларининг такомиллаштирилган ўзбек алифбоси ҳамда имло қоидалари асосида ишлашини таъминлаш чоралари кўрилади. Бу "Ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришларни жамиятнинг барча соҳаларида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, 2026–2027 йилларда OpenAI, Google, Anthropic, xAI, DeepSeek, Meta ва бошқа компанияларга уларнинг сунъий интеллект платформаларини такомиллаштирилган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларига мослаштириш бўйича расмий мурожаатлар юборилади.

Шунингдек, халқаро сунъий интеллект платформаларини янги алифбо ва имло қоидаларига мослаштиришда амалий ёрдам кўрсатилади. Бу йўналишда Рақамли технологиялар вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Фанлар академияси масъул этиб белгиланган.

Электрон савдо платформалари ҳам янги алифбога ўтади

Қарор лойиҳасида электрон савдо платформалари, буюртмалар агрегаторлари, рақамли стриминг хизматлари, электрон каталоглар, маҳсулот тавсифлари ва хизмат кўрсатиш платформаларини ҳам такомиллаштирилган ўзбек алифбосига ўтказиш белгиланган.

Бундан ташқари, қонун кучга киргунига қадар банк-молия, солиқ ва божхона тизимларининг дастурий таъминоти, мобил иловалари ҳамда банкоматлар интерфейслари янги алифбо ва имло қоидаларига мослаштирилади.

Маҳсулот қадоқлари ва ёрлиқлари ҳам ўзгаради

Лойиҳага мувофиқ, 2027 йил 22 апрелдан 2028 йил 22 апрелгача маҳсулот қадоқлари ва ёрлиқларида амалдаги ҳамда такомиллаштирилган ўзбек алифбосидан бир вақтда фойдаланишга рухсат берилади. Бу даврда тадбиркорларга дизайн ва босма қолипларни босқичма-босқич янгилаш имконияти берилади.

2028 йил 22 апрелдан бошлаб янги буюртма асосида тайёрланадиган қадоқлар ва ёрлиқларда такомиллаштирилган алифбодан фойдаланиш мажбурий бўлади.

Шу билан бирга, 2029 йил 22 апрелга қадар аввалги алифбода чоп этилган қадоқлаш материаллари захирасидан фойдаланишга рухсат берилади. Бу муддатгача қонуний тамғаланган маҳсулотларни эса яроқлилик муддати тугагунига қадар сотиш мумкин бўлади.

Қайд этилишича, қарор лойиҳаси муҳокамаси 6 декабрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳада биринчи синф ўқувчиларининг 2027/2028-ўқув йилидан янги алифбода таълим олиши ҳам назарда тутилган. Шунингдек, ID-карта, хорижга чиқиш биометрик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомобилнинг техник паспорти каби ҳужжатларни белгиланган тартибда алмаштириш жараёнида такомиллаштирилган алифбода расмийлаштириш кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар