АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Фарғона водийсида электр таъминотига таъсир қилган авария бартараф этилди

Тожикистон ҳудудидан ўтувчи "Л-503" электр узатиш тармоғидаги авария оқибатлари тўлиқ бартараф этилди. 22 ноябрь куни тунги соат 01:21 да тармоқ қайта ишга туширилиб, электр энергияси узатилиши тикланди.

'Фарғона водийсида электр таъминотига таъсир қилган авария бартараф этилди'ning rasmi

Тожикистон ҳудудидан ўтувчи, "Сирдарё" иссиқлик электр станцияси ва "Ўзбекистон" подстанциясини боғловчи 500 кВ кучланишли "Л-503" электр узатиш тармоғидаги авария оқибатлари бартараф этилди. 22 ноябрь куни соат 01:21 да тармоқ қайта ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Вазирлик маълумотига кўра, авария содир бўлган илк соатлардан бошлаб мутахассислар ноқулай об-ҳаво ва мураккаб тоғли-адирли ҳудуд шароитида кечаю кундуз иш олиб борган.

Натижада қулаган электр узатиш тармоғи таянчи қайта тикланиб, таъмирлаш ва синов ишлари белгиланган муддатдан олдин якунланган. Шу тариқа тармоқ орқали электр энергияси узатилиши қайта тикланган.

Эслатиб ўтамиз, авария 19 ноябрь куни соат 06:19 да кучли ноқулай об-ҳаво таъсирида электр узатиш тармоғи таянчларидан бирининг қулаши оқибатида юз берганди. Бунинг натижасида автоматик ҳимоя тизими ишга тушиб, тармоқ орқали электр энергияси узатилиши вақтинча тўхтатилган. Оқибатда Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида электр таъминотига чекловлар киритилган.

Таъмирлаш ишлари давомида водий вилоятларига электр энергияси муқобил тармоқлар орқали, жумладан, Тошкент вилоятидаги "Янги Ангрен" ИЭСдан чиқувчи 500 кВ кучланишли "Л-524" электр узатиш тармоғи орқали етказиб берилган.

    Бошқа янгиликлар