Самарқанд шаҳрида ёш йигит таниш қизини ижарадаги хонадонда жанжал вақтида бўғиб ўлдирганликда гумонланмоқда. Ҳодисадан сўнг у ўзига ҳам тан жароҳатлари етказган ва шифохонага олиб кетилган.
Маълум қилинишича, фожиа 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида содир бўлган. Ҳалок бўлган қиз уч хонали хонадонни дугонаси билан ижарага олган. Дастлабки маълумотларга кўра, уйда бошқа яшовчилар бўлмаган вақтда унинг олдига таниши келган. Улар ўртасида юзага келган жанжал оқибатида йигит қизни бўғиб ўлдирган бўлиши мумкин.
Маҳалла раиси сўзларига кўра, қизлар хонадонга 15 ноябрь куни кечқурун кўчиб келган. Эртаси куни маҳалла вакиллари улар билан суҳбатлашиб, ижара шартномасини расмийлаштириш зарурлигини тушунтирган ва яшаш қоидалари билан таништирган.
Ҳодисадан кейин гумонланувчи ўзига тан жароҳатлари етказган. Ички ишлар органлари ходимлари уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига олиб борган. Шифокорлар унинг аҳволини ўртача оғир деб баҳолаган. Текширув давомида жиддий жароҳатлар аниқланмаган ва тиббий кузатувдан сўнг у қониқарли аҳволда шифохонадан чиқарилган.
Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати раҳбарининг ёзма изоҳида маълум қилинишича, ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






