Кеча, 18 январь куни "Ўзбеккино" Миллий агентлигида “Беларусфильм” Миллий киностудияси билан навбатдаги кинолойиҳаларга бағишланган ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Онлайн тарзда ташкил этилган учрашувда Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, «Беларусфильм» Миллий киностудияси Бош директори Владимир Карачевский, директор ўринбосари Снежана Головчиц, Ўзбекистон Республикасининг Белоруссиядаги элчихонаси маслаҳатчиси Дониёр Абидов, Маданият вазирлигининг кинематография бўлими бошлиғи Безуглый Алексей, “Кинопост” раҳбари Евгений Левандовский ва бошқалар иштирок этишди.
Мазкур учрашувда ҳамкорликда суратга олиниши режалаштирилаётган янги фильмлар Акбар Бектурдиевнинг “Узбечка”, Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Бўйсунмас” (“Жиззах қўзғолони”) ҳамда Муҳаммадали Искандаровнинг “Мамадали Топволдиев” фильмларининг Беларусь давлатида тасвирга олиш ишлари ҳақида сўз юритилди. Муҳаммадали Искандаровнинг Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топволдиев ҳақидаги фильми икки давлат ўртасидаги ко-продукция бўлиши режалаштирилган, кейинчалик фильм билан боғлиқ шартнома ва меморандумлар имзоланади. Унда лойиҳанинг молиявий харажатлари, тасвирга олиш объектлари ва бошқа рақамлар кўрсатилиши маълум қилинди.
Маълумот учун, 2020 йил Беларусда “Илҳақ” (режессиёр Жаҳонгир Аҳмедов), “Мерос” (режиссиёр Ҳилол Насимов), “Муҳаббат баҳори” (режиссиёр Иброҳим Расулов) фильмларининг тасвирга олиш ишлари бўлиб ўтган эди. 2021 йилда ҳам юқорида номлари саналган янги кинолойиҳалар бўйича Беларусда съёмка жараёнлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Учрашув давомида Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов “Беларусфильм” Миллий киностудияси Бош директори Владимир Карачевскийни кутилаётган Тошкент халқаро кинофестивалига таклиф қилди. Самимий руҳда ўтган онлайн мулоқот сўнгида ўзаро ҳамкорлик масалаларини янада кенгайтириш бўйича таклиф ва фикрлар билдирилди.