АсосийSalomatlik

Ўзбекистонда коронавируснинг янги штаммларини тезкор аниқлаш имкони борми?

'Ўзбекистонда коронавируснинг янги штаммларини тезкор аниқлаш имкони борми?'ning rasmi

Янги штаммни аниқлаш ва тестлар ишлаб чиқариш билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази шуғулланмоқда. Шу мавзудаги саволлар билан Kun.uz  инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновга мурожаат қилди.

— Аввало, бу янги штамм эмас. COVID-19'ни келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вирусининг 4000дан ортиқ янги вариантлари бор. Ҳар ҳафта битта линияда иккита мутация рўй беряпти. Эволюцион биология нуқтайи назаридан айтадиган бўлсак, бу – секин мутацияга учрайдиган вирус ҳисобланади. Масалан, гриппга нисбатан анча секинроқ мутацияга учрайди.

Янги вариантлар орасида энг танилгани – Британия варианти. Бу вариант бошқаларидан 17 та мутацияси ва тез тарқаши билан фарқ қилади. B117 вариантнинг хавфлилиги – тез юқувчанлигида. У олдинги вирусга қараганда 50 фоиз тез юқяпти ва шунинг ҳисобига ўлимлар сони ҳам кўп.

Бундан ташқари, Жанубий Африка ва Бразилия вариантлари ҳам бор.

Янги штаммни аниқлашга 5 кун вақт кетди. Бу жуда узоқ эмасми?

— Дубай–Тошкент рейсида келганлардан 33 кишида тест мусбат натижа кўрсатган ва биз уларнинг қон намуналарини Илғор технологиялар марказида текширганимизда, орасидан биттаси шубҳа уйғотди.

Чуқурроқ таҳлил қилинганда, ҳақиқатдан ҳам Британия варианти экани аниқланди.

Албатта, бу – янги штамм. Тест тўпламларимизда 17та мутацияларнинг ҳаммасини аниқлайдиган реагентлар мавжуд бўлмаган. S оқсилининг симптоми бўла туриб, аммо таҳлилда бу оқсил кўринмагани шубҳа уйғотган. Яъни ўша куниёқ, натижаси 2 соатда чиқадиган тестдан кейиноқ биз бу Британия штамми бўлиши мумкинлигини тушундик. Лекин аниқ шундайми-йўқми, айта олмасдик, чунки 17та мутацияни кўрганимиз йўқ.

Кейинги жараён – ўша фрагментни қондан ажратиб олиш, уни клонлаштириш, ҳужайрада кўпайтириш, ҳар бир ҳарфини ўқиб чиқиш кабиларга бир неча кун кетди. Булар ўзи қийин жараёнлар эмас, лекин қўлингизда ҳали зонтларингиз бўлмаса, ушлаб оладиган илмоқчаларингиз тайёр бўлмаса, уни ушлаб олиш қийин.

Ҳозир маълумотларимиз бор, энди реагентлар, тест тўпларини оптимизация қилишга тўғри келади. Ҳозир қўлимиздаги тестлар ҳам албатта бошқа штаммларни ҳам кўради, геннинг бошқа участкалари учун ҳам мўлжалланган тест намуналаримиз бор. Лекин аниқ шу Британия штамми эканини тасдиқлаш учун тест методикасини ҳам, реагентларни ҳам, тўпламларни ҳам ўзгартиришимизга тўғри келади.

Ҳозир бу бўйича ишланмалар қилиняпти. Тез кунларда масалани ҳал қилиб, янги тест тўпламларини ҳам етказиб берамиз.

    Бошқа янгиликлар