“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Тошкент шаҳар ИИББ ҳамкорлигида ички ишлар фаолиятига тааллуқли «Офицер 55» киносериали ишга туширилди. Сериал триллер, криминал жанрда бўлиб, унда Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор ходими ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Фильм воқеаларида бош қаҳрамоннинг кучли иродаси, ўз принципларига эгалиги ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги махсус тактикаси, шунингдек қатъияти ва жиноят қидирув соҳасининг қанчалик масъулиятли хизмат эканлиги ифодаланган. Янги кино сериалда ҳар қандай жиноятчига жиноят учун жазо муқаррар эканлиги тасвирланади. Бош қаҳрамон ўзининг ҳақлигини исботлаш учун жиноятчилар тўдасига киришга мажбур бўлади ва алалоқибат, барча далиллар унга қарши ишлай бошлайди. Сериал воқеалари ўта шиддатли ҳамда оғир кечиши билан томошабинни қизиқтириб қўйиши, шубҳасиз.
Постановкачи режиссёр Рустам Мелиев, постановкачи оператор Диёр Адашев, постановкачи рассом Рустам Мирзаев. Лойиҳанинг асосий раҳбарлари Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Азиз Тошпўлатов, Бош координатор ва маслаҳатчи Равшан Султонходжаев, бадиий раҳбар Ирина Сайфутдинова.
Айтиш жоизки, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Тошкент шаҳар ИИББ илк бор ҳамкорлик киномаҳсулотини тайёрламоқда ва бу лойиҳа томошабинларга айнан шуниси билан ҳам манзур бўлиши кутилмоқда.