Фарғонада ташкил этилган мақом мактаби миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг ушбу санъат турини изчил давом эттирувчи янги авлодни тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бу йил умумтаълим мактабларининг 5,6-синфларини тамомлаган ўғил-қизлар мақом хонандалиги ва созандалиги йўналишларига танлов асосида ўқишга қабул қилинди. Бу ҳақда Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўз саҳифасида гапирди.
“Ўзбекистон булбули Таваккал Қодиров, Расул қори Мамадалиев, Муроджон Аҳмедов каби буюк устозларимиз бетакрор қўшиқлари билан Фарғона мақом мактаби анъаналарини замонавий мезонлар асосида ривожланишига катта ҳисса қўшган эдилар.
Ихтисослашган мақом мактабининг янги ўқув биноси, ошхона ва 150 ўринли ётоқхона қурилиши давом этаётган санъат кошонасида «Ўзбек миллий мақом санъати маркази» ҳамда мақом ансамбли ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Фарғонага сафаримиз давомида мазкур муассаса учун яратилган шарт шароитлар, бинонинг қурилишидаги муаммолар ва камчиликларни масъуллар билан муҳокама қилдик.
Мақом мактабида таҳсил олаётган ўқувчилар учун барча шароитларни муҳайё этиш лозимлигини таъкидлаб, бу даргоҳ ҳали кўплаб "Фарғона тонг отгунча», "Тановор", "Мустаҳзод"ларни куйлайдиган иқтидорли ёшларни тарбиялашига умид билдирдик”,–дейди Маданият вазири.