2020 йил 17 декабрь куни Уйчи туманидаги Маданият марказида бўлиб ўтган туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовнинг 2020 йили туманда қилинган ишлар ва 2021 йил учун режалари бўйича Мурожаатномаси тингланди. Шундан сўнг Уйчи туманида жойлашган 39-сон мактабгача таълим ташкилотининг ачинарли аҳволини яхшилаш бўйича бизга келган мурожаатни туман ҳокимининг шахсан ўзига етказган эдик. Болажонларнинг изғиринли қиш ойларида шароитсиз қийналаётганини айтиб, бизга “дастурга тушган, бажарамиз” эмас, “қисқа муддатда камчиликни бартараф қиламиз” деган ҳоким ваъдасини сўраган эдик. Ҳоким ваъда ҳам берди. Қиш тугаяпти, аммо қарийб 2 ой ўтибди ҳамки, аҳвол ўзгармаган.



Ваъдалардан таъсирланиб, 19 декабрь куни сайтимиз орқали “Даракчи” ва Уйчи “миссияси”: Ҳоким ота-оналар мурожаати ижобий ҳал бўлишига ваъда берди” сарлавҳали мақола эълон қилган эдик. Сўнгида эса “Ечимнинг қанчалик тез ҳал бўлишини эса кузатамиз. Ваъда 17 декабрь куни берилди” дея назорат санаси ҳам қўшимча қилинган эди.
ВАЪДАЛАРГА ҚАЙТСАК...
Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ўша куннинг (17.12.2020) ўзида агар томи ва иссиқлик тизими таъмирдан чиқарилган бўлса, 39-сонли МТТнинг қолган таъмирга муҳтож жойларининг аҳволини яхшилаш катта маблағ талаб қилмаслигини айтиб, бунга масъул ҳодимларга вазиятни тез муддатда ижобий ҳал қилиш бўйича кўрсатма берди. 3-4 та масъул ўрнидан туриб, блокнотга бир нарсаларни қоралаб олганликлари эсимда.
ЧАМАСИ ИШЛАР ЯХШИ КЕТАЁТГАН ЭДИ
Орадан 4 кун ўтиб, 2020 йил 21 декабрь куни Уйчи туман мактабгача таълим бўлими мудири М. Абдуллаеванинг Уйчи туман прокурори 2-сектор раҳбари У. Ю. Номановга далолатнома хати юборилди. Унда келтирилишча, Олмурут МФЙ худудида жойлашган 90 ўринли 39-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1969 йилда қурилган. Жорий (2020) йилнинг 18 декабрь куни туман хокими М. Апақов топшириғига биноан, “Жўрабек қурилиш сервис” МЧЖ мутахассислари билан биргаликда нуқсон далолатномаси тузилган. 39-сонли мактабгача таълим ташкилотида канализация тизими тўла ишдан чиққан, биноларда эшик ва дераза ромлари жисмонан хамда маънан эскирган, пол ва ташқи хамда ички девор қисмлари, электр тизими таъмирталаб. Шунингдек, ташкилотда мавжуд ёзги айвончалар мукаммал таъмирга мухтож. Хозирда 39-сонли мактабгача таълим ташкилотига қўшимча 2та ёзги айвонча, замонавий ошхона овқатланиш зали билан биноси, спорт зал қуриш керак. Йўлаклар ва қўрғон деворларини қайтадан қуриш керак. Туман хокимлигининг топшириғига биноан махаллий бюджет маблағларидан қурилиш-таъмирлаш ишлари молиялаштириладиган бўлган.
“ЭСКИ ҲАММОМ, ЭСКИ ТОС”
Бизга мурожаат қилган, фарзандлари ўша “боғча”да тарбияланадиган уйчилик юртдошимиз билан бугун 2021 йил 10 февраль куни боғландик. Аммо, лекин, бироқ унинг гувоҳлик беришича, қиш чиқаётган бўлса ҳамки, ҳамон аҳвол ўнгланмаган. Кеч бўлган бўлса-да, ундан 39-сонли мактабгача таълим ташкилотининг хозирги ҳолати фотосуратларини юборишини сўрадик. Ҳудди у айтганидек, боғчадаги ҳолат – “эски ҳаммом, эски тос”...


КИМ АЙБДОР?
Ваъда бажарилмади. Ўтган ойларда барчамиз яқин ўн йилда кузатилмаган изғиринли кунларни бошдан ўтказдик. Болажонларимиз эса мудира опамиз айтганларидек, “канализация тизими тўла ишдан чиққан, биноларда эшик ва дераза ромлари жисмонан хамда маънан эскирган, пол ва ташқи хамда ички девор қисмлари, электр тизими таъмирталаб” бўлган “боғча”да қишлашди. Хўш, Уйчи туман ҳокимининг ваъдаси ҳамон бажарилмаётганлигида ким айбдор? МТБ мудирими, 2-сектор раҳбари туман прокурорими ёки тасдиқланиши кечикаётган туман бюджетими? Балки ҳоким айтган "тез муддат"нинг ўлчови икки ой ёки ундан ҳам кўпдир - бу ўлчовни биз билмаётгандирмиз. Савол очиқ қолмоқда? Совуқ кунлардан этлар жунжикаяпти. Болажонлар эса ҳали шикоят қилишни билмайди. Улар жимгина кўникаверишади...
Сардорбек Раҳмонқулов






