АсосийСИËСАТ

Президентдан муҳим топшириқ ва рад этилган икки лойиҳа тафсилоти

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига қилган ташрифи жуда кўп “сюрприз”ларга бо...

'Президентдан муҳим топшириқ ва рад этилган икки лойиҳа тафсилоти'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига қилган ташрифи жуда кўп “сюрприз”ларга бой бўлди, дейиш мумкин. Президент кортежининг кутилмаганда ўзгарган йўналиши худди Фарғонада бўлгани каби ютуқлар билан бирга жуда кўп аччиқ ҳақиқатларни ҳам ошкор қилди. Таъмирталаб Бунёдкор маҳалласи, аҳоли вакилининг газ, электр, сув таъминотининг талабга жавоб бермаслиги каби масалалардаги эътирози барча ОАВ, жумладан darakchi.uz сайти ва ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Давлат раҳбари бу борада вилоятнинг барча масъулларига “Фарғонадаги ҳолатни кўрганмадиларинг? Наҳот хулоса чиқармадиларинг?” мазмунидаги эътирозли саволни ўртага ташлади. Шу ҳолатга жавобан қатъий чоралар кўрди. Шунингдек, ташриф давомида мутасаддилар томонидан таклиф этилган Наманган вилоятида йўл, транспорт, қурилиш ва коммунал инфратузилмани ривожлантириш бўйича тақдимотларининг ҳаммаси ҳам давлат раҳбари томонидан маъқулланмади. Маъқулланганлари бўйича эса масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

БАНК КРЕДИТИНИ АЖРАТИШГА БЎЙИЧА МУҲИМ ТОПШИРИҚ

Чуст туманида жойлашган йирик “Чуст текстиль” корхонасининг фаолияти билан танишиш давомида Президент Шавкат Мирзиёевни мазкур корхона қурилиш технологиясининг 4 баравар арзонга тушгани кўпроқ қизиқтирди. Корхона раҳбари Жамшид Исматуллаевнинг айтишича, майдони 15 гектар бўлган корхонани анъанавий асосда қуришганида 8 млн. доллар маблағ сарфланиши мумкин эди. Лекин мазкур корхона енгил конструкцияли темир ангарлар билан қурилган ва унинг барпо этилиши учун 2 млн. доллар маблағ сарфланиб, 6 млн. доллар тежаб қолинган. “Мана бўларкан-ку, - деди давлат раҳбари, - Ҳамма шароити бўлса, нима керак 2-3 қаватли биноларни қуришни...” Арзон ва сифатли қурилиш технологияси Президентга маъқул келиб, анъанавий усуллардан воз кечиб, текстиль корхоналарини қуриш учун шу технологияни жорий қилиш ва эски услубда қуриш учун банклардан маблағлар ажратмаслик бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш учун масъулларга топшириқ берди.

ЭНДИ АСФАЛЬТ ЙЎЛЛАР СИФАТИНИ ДЕПУТАТЛАР БАҲОЛАЙДИ

Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбари Абдураҳмон Абдувалиевнинг Президентга таклиф беришича, йўл қурилиши бўйича баъзи солиқ ва божхона тўловларига имтиёзлар бериш билан йўлларни асфальтлаш арзонлашиши мумкин. Бу билан давлат бюджетига 60 миллион доллар камроқ “кирим” бўлади. Эвазига йўлларнинг аҳволи яхшиланиши мумкинлигига урғу берилди. Бунга жавобан Президент Шавкат Мирзиёев йўл қурилишида парламент назоратини кучайтириш кераклигини айтди. Президент топшириғига кўра, ҳар бир йўл учун алоҳида қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилиб, маҳаллий депутатлар Кенгашида тасдиқланиши керак. Ундан кейин депутатлар қурилган йўлнинг сифатидан қониқса, объект қабул қилинади ва бажарилган ишлар учун пул ажратилади.

Бўлмаса сизлар менга “бажарамиз” дейсизлар, одамларинг эса ўз билганича иш қилишмоқда. Энди ҳеч ким бу тарзда ишламайди. Парламент назорати бўлади. Агар ушбу ҳудудда яшовчи халқ вакиллари ишдан мамнун бўлса, тўлов бўлади. Шундагина адолатли бўлади”, - деди давлат раҳбари.

“АХСИКЕНТ “НАМАНГАННИНГ РЕГИСТОНИ” БЎЛИШИ КЕРАК”

Тақдимотлар қаторида “Ахсикент” тарихий шаҳрини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш эскиз лойиҳаси ҳам бор эди. Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг тақдимот қилишича, “Ахсикент” шаҳар харобалари устида ёмғир, қор ва турли ташқи зарарлардан асровчи ҳимоя конструкцияси ва ҳудуд яқинида замонавий истироҳат боғи ҳамда музей ташкил этилади. Аммо бу таклиф ҳам Президент томонидан тасдиқланмади. “Нега энди замонавий? Бу ерга келган одам ўзини ўтмишга келгандек ҳис қилиши лозим. Ерларга асфальтмас, тоғ тошларидан ётқизинглар. Амфитеатр қуриб, уни ҳам худди тарихий бинолардек қуринглар. Колизей амфитеатрига ўхшаган бўлса, бу ерга ҳамма қизиққанидан келади. Ахсикент - жуда нодир ёдгорлик. У ердаги ишларни илм билан, миллий ғурур билан, ҳурмат билан қилиш керак. Бу жой “Наманганнинг Регистони” бўлиши керак”, – деди давлат раҳбари.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

Тошкент-Наманган-Тошкент

    Бошқа янгиликлар