Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Мирзиёев Бердимуҳамедовни Туркманистонда Авaзада ўтказилган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви, МДҲ саммити ҳамда Каспий экологик форуми муваффақиятли ташкил этилгани билан табриклади.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар Авaзада Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини ташкил этиш тўғрисида имзоланган шартноманинг аҳамиятига ҳам тўхталди. Ушбу кенгаш икки давлат ўртасидаги устувор йўналишларда ҳамкорликни мувофиқлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Суҳбат якунида етакчилар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга интилишларини тасдиқлади.






