24-26 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг доимий делегацияси ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг навбатдаги қишки сессиясида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда ЕХҲТнинг 57 та иштирокчи давлати ва Ташкилотнинг ҳамкорлик бўйича 11 та ҳамкори парламентлари аъзолари ҳамда ташкилот институтлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир мобайнида умумий мажлис, шунингдек, ЕХҲТ ПА учта доимий қўмитаси мажлислари ўтказилиб, уларда ЕХҲТ институтлари раҳбарларининг 2020 йилдаги иш якунлари ва 2021 йилга мўлжалланган режалари тўғрисида ахбороти эшитилди.
Мажлисларда Австрия Миллий кенгаши президенти Вольфганг Соботка, ЕХҲТ ПА раиси Лорд Баунес, ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде, ЕХҲТ бош котиби Хельга М. Шмид ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Сессияда COVID-19 инқирозининг иқтисодий ва экологик оқибатларини бартараф этиш, пандемиянинг демократик институтлар ва сайлов жараёнларига таъсири масалалари муҳокама этилди.
Хусусан, учта доимий қўмита мажлисида Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов маъруза қилди. БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йил сентябрь ойида ўтказилган 75-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёвнинг илгари сурилган ташаббуслари тўғрисида ахборот бериб, сенатор ташаббусларнинг пандемия ва пандемиядан кейинги даврлардаги долзарблигини таъкидлади.

Сенатор Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуслари превентив хусусиятга эга аниқ чораларни ўз ичига олганлигини таъкидлади ва шу муносабат билан хорижлик ҳамкасбларини пандемия даврида БМТнинг давлатлар ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекси қабул қилинишини қўллаб-қувватлашга, камбағалликка қарши курашиш мавзусини БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак сессиясида асосий мавзулардан бири сифатида белгилашга, шунингдек БРМга эришишда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини оширишга, шу жумладан БМТнинг махсус резолюциясини қабул қилиш орқали оширишга чақирди.

Шунингдек, сессияда Ассамблея Бюроси ва Доимий қўмитанинг амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Ассамблеянинг мониторинг тартиб-таомилини такомиллаштириш, COVID-19 вакцинасининг ахлоқий, юридик ва амалий жиҳатлари, сурункали ва узоқ муддатли касалликларга чалинган шахслар камситилиши юзасидан фикр алмашилди, бошқа мавзулар ҳам кўриб чиқилди.