АсосийJamiyat

Самарқанд шаҳрида Туркиянинг Бош консулхонаси очилди

'Самарқанд шаҳрида Туркиянинг Бош консулхонаси очилди'ning rasmi

Самарқанд шаҳрида Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамда Туркия Республикасининг Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу нутқ сўзлаган. Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камиловнинг Туркиянинг Самарқанд шаҳридаги Бош консулхонаси расмий очилиш маросимидаги нутқида Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасини мустақил давлат сифатида энг биринчилардан бўлиб тан олганини эслади.

"Эндиликда ҳам Туркия Самарқанд шаҳрида ўз Бош консулхонасини биринчилардан бўлиб очмоқда. Ушбу воқеа бир неча нуқтайи назардан муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, Туркиянинг Ўзбекистонда ҳам Элчихонаси, ҳам Бош консулхонаси мавжудлиги икки томонлама муносабатларимиз ўзига хос юқори поғонага чиққанлигидан далолат беради.

Ушбу дипломатик ваколатхона айнан 2021-йилда очилишида ҳам алоҳида маъно бор - бу Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига ўзига хос рамзий туҳфа, деб ўйлайман.

Иккинчидан, Туркиянинг Самарқанддаги Бош консулхонаси маданий-гуманитар, туризм соҳаларида ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқалар ривожланишига ижобий туртки беради.

2018-йилда икки томонлама муносабатларимиз тарихида илк маротаба “Истанбул-Самарқанд” йўналишида авиапарвозлар жорий этилган эди. Пандемия сабабли қўйилган чекловлар доирасида вақтинча тўхтатилган бу қатнов яқин муддатларда қайтадан очилади.

Туркияда буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Aмир Темур, Мирзо Улуғбек ва бошқа уламоларга бўлган қизиқиш катта, бу қардош мамлакатдан Самарқандга зиёрат билан келадиган сайёҳлар оқими ортиб бормоқда.

Учинчидан, Самарқандда Туркия сармояси иштирокида очилаётган компанияларнинг сони тобора ошиб бормоқда. Мисол учун, биргина Самарқанд вилоятининг ўзида ҳозирги кунда 100 дан зиёд қўшма корхоналар рўйхатдан ўтган.

Қўшни вилоятлар билан ҳисоблаганда Туркия капитали иштирокида ташкил этилган ширкатларнинг сони 300 дан кўпроқ кўрсаткични ташкил этмоқда. Шу туфайли тадбиркорлик субектларининг фаолиятини ривожлантириш йўналишида ҳам Бош консулхона муҳим фаолият кўрсатади.

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар икки давлат раҳбарлари бошчилигида сўнгги 4 йилда мисли кўрилмаган тарзда мустаҳкамланиб, сифат жиҳатидан мутлақо янги поғонага - стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Бугунги кунда сиёсий-дипломатик, парламентлараро, хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлигимиз жадаллик билан тараққий этмоқда.

Ишончимиз комилки, Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири, азиз биродарим Мевлут Чавушўғлу иштирокида очилган гўзал Самарқанд шаҳридаги Бош консулхона бу жараённи янада ривожлантиришда ўзига хос ҳисса қўшадиган янги институтлардан бирига айланади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати номидан туркиялик биродарларимизни хориждаги 250 та турк дипмиссиялари қаторидан Самарқанддаги Бош консулхона ҳам жой олгани билан самимий табриклаб, уларга янги Бош консулхона фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман",- деди Абдулазиз Комилов.

 Фарида Эгамбердиева тайёрлади

Бошқа янгиликлар