АсосийЖАМИЯТ

Самарқандда Cobalt электроскутерни уриб юборди: икки киши вафот этди

Ҳайдовчи йўлда тўсатдан пайдо бўлган велосипедчини айланиб ўтишга уринганида бошқарувни йўқотган.

'Самарқандда Cobalt электроскутерни уриб юборди: икки киши вафот этди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида Cobalt электроскутерни уриб юбориши оқибатида буви ва унинг невараси ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ЙҲХБ ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 9 октябрь куни соат 13:00 ларда Пахтачи туманидаги «Миркан» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-560 автомобиль йўлининг 14-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Cobalt ҳайдовчиси Миркан—Мисит йўналишида ҳаракатланиб кетаётганида йўлнинг ўнг томонидан тўсатдан чиқиб қолган велосипедчини уриб юбормаслик учун рулни чапга бурган. Оқибатда у бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва ўз йўналишида йўлнинг чап четидан ҳаракатланаётган электроскутерни уриб юборган.

Ҳодиса оқибатида электроскутерда бўлган бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, йўловчилардан бири шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят ЙҲХБ ҳайдовчиларни оралиқ масофани сақлашга, белгиланган тезлик меъёридан оширмасликка ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга чақирди.

    Бошқа янгиликлар