Фарғона шаҳрида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали байрам тадбирида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова билан бир дастурхон атрофида узоқ ўтириб, мулоқот қилди. Бу ҳақда вилоят хокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Шундан сўнг вилоят раҳбари сўз олиб, бир воқеани тадбирга йиғилганларга айтиб берди:
“Лола опа билан ўтириб, битта воқеа эсимга тушиб қолди. Кулишиб опага эслатдим. Назаримда, Яратган Эгам олдинроқдан Фарғонага келишимга бир белги бериб қўйганга ўхшайди. Наманганда ҳоким бўлиб ишлаб юрган пайтимда, Қўқондаги фестивалга келгандик. Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг концерт қисмида Андижон, Наманган вилояти ҳокимлари ҳам таклиф қилинганмиз. Биринчи қаторда, муҳтарам Президентимиз қаторларида ўтирибмиз. Ёнимда Лола опа борлар. “Келинг, Қаҳрамонсиз, ёнингизда ўтирай” деб бирга ўтиргандим. Қўшиқлар орасида “Наманганнинг олмаси” қўшиғи янграб қолди. Раҳбарият менга қараб, ўйнашга ундашди. Ўртага чиқиб қарасам беш минг одам менга қараб турибди. Йиқилиб қолмай дея, Лола опага “ёрдамга, поддержкага чиқинг, икковимиз бир ўйнайлик» дедим. Шунақа қилиб Лола опа билан бирга ўйнаганмиз”
Бу ҳам бежиз бўлмаган тарих экан. Шунга Абдужалил Қўқоновдан бугун илтимос қилдим, кетмай туринг деб. Майли, “Наманганнинг олмаси” бўлмаса ҳам “Фарғонада биттагина”га ўйнайлик опа билан, жуфт бўлсин. Олдин Наманганнинг ҳокими сифатида ўйнаган эдим, энди Фарғона вилояти ҳокими сифатида ҳам бирга ўйнайлик”.
Шундан сўнг Хайрулло Бозоров ва Лолахон Муротова йиғилганлар гулдурос қарсаклари остида “Фарғонада биттагина” қўшиғига рақс тушишди.






