Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, виза тартибларини соддалаштириш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Ўзбекистон — Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян билан учрашган.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш масалалари кўриб чиқилган.
Жумладан, жорий йил июнь ойида туризм соҳасида имзоланган ҳаракатлар режасини амалга ошириш, Саудия Арабистони инвесторларини Ўзбекистондаги туризм инфратузилмаси лойиҳаларига жалб этиш, туризм ҳудудларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ҳамда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Саудия Арабистонида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, рақамли реклама кампанияларини ўтказиш, саудиялик сайёҳлар учун мос турпакетлар ишлаб чиқиш ва икки мамлакат туризм компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилган. Учрашувда виза тартибларини соддалаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилган.
Томонлар икки мамлакатда ўтказиладиган йирик туризм, маданият ва кўнгилочар тадбирлар тақвимини ўзаро алмашиш, шунингдек, Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида илк бор ташкил этиладиган Халқаро туризм инвестиция форумига Саудия Арабистони инвесторларини таклиф қилиш муҳимлигини таъкидлаган.
Учрашув якунида истиқболли лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириш ва икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар алмашинувини кенгайтиришга қаратилган амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинган.
Маълумот учун, айни вақтда Ўзбекистон фуқаролари учун Саудия Арабистонига тўлиқ визасиз кириш тартиби жорий этилмаган. Бироқ сайёҳлик ва Умра зиёрати мақсадида электрон виза олиш имконияти мавжуд. Электрон виза, одатда, бир йил муддатга берилади ва унинг эгалари мамлакатда бир йил давомида жами 90 кунгача бўлиши мумкин. Ушбу виза Ҳаж зиёратини амалга ошириш ёки расмий ишлаш ҳуқуқини бермайди.
Саудия Арабистони фуқаролари эса Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз кириши мумкин.






