1

Озарбайжонда Алишер Навоий ҳақида китоб чоп этилди

МАДАНИЯТ 08.03.2021, 19:44
Озарбайжонда Алишер Навоий ҳақида китоб чоп этилди

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Озарбайжон Миллий Фанлар академиясининг (ОМФА) Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти бўлими мудири Алмаз Улви Биннатованинг озар тилидаги «Алишер Навоийнинг асри ва насри» китобининг такдимоти ўтказилди, дея хабар қилди «Дунё» АА.

Тақдимот маросимини ОМФА вице-президенти, Адабиёт институтининг директори, академик Иса Хабиббейли кириш сўзи билан очиб, институт Ўзбекистон билан адабий алоқалар, хусусан, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси билан ҳамкорликда қатор тадбирларни амалга ошириб келаётганини таъкидлади.

Академик институтнинг Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари бўлими мудири Алмаз Улви Биннатова томонидан яратилган «Алишер Навоийнинг асри ва насри» китоби Озарбайжон – Ўзбекистон ўртасидаги адабий алоқаларнинг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшишини қайд этди.

Элчи Баҳром Ашрафхонов буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий ижодини қардош Озарбайжон халқи ҳам катта қизиқиш билан ўрганиб келаётгани, ОМФАнинг Адабиёт институти қошида Алишер Навоий маркази фаолият юритаётгани ўзбек халқига бўлган ҳурмат ва эҳтиром белгиси эканини таъкидлаб, Озарбайжон олимларига миннатдорлик билдирди.

Тақдимотда озарбайжонлик адабиётшунослар «Алишер Навоий асри ва насри» китоби ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. 570 саҳифадан иборат ушбу китобда Навоий ҳаёти ва ижодига оид кўплаб янги тадқиқотлар акс этгани айтиб ўтилди.

Афғонистоннинг Озарбайжондаги элчиси Аманулла Жейхун мазкур китобнинг чоп этилиши давлатлараро адабий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига йўл очиб беришини қайд этди.

Китоб тақдимотидан сўнг меҳмонлар элчихона томонидан ташкил этилган ўзбек халқ амалий санъати буюмлари ва китоб кўргазмасига таклиф этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1