Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Беларусь Республикаси Спорт ва туризм вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат Қўмитаси маълум қилди.
Ҳужжат икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг VIII йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов ҳамда Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Гурьянов томонидан имзоланди.
Томонлар туристик маҳсулотларни тарғиб қилиш, туризм соҳасида маълумотлар ва тажриба алмашиш, инфотурлар ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, туризм турларини қўллаб-қувватлаш: соғлиқни сақлаш, экологик, гастрономик, тоғ, маданий, археологик ва агротуризм каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Таъкидлаш жоизки, Беларусь Республикаси билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кўп қиррали форматларда, жумладан, МДҲ Туризм кенгаши доирасида ҳам фаол ривожланиб бормоқда. Ушбу идоралараро битимнинг имзоланиши икки томонлама муносабатлар учун мустаҳкам замин яратади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ва туризм соҳасидаги қонунчилик базасининг мустаҳкамланишида муҳим саналади.





