Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Одилбек Комилбеков маълум қилди.

Озон қатламининг вазифаси қуёшдан келаётган ультрабинафша нурларни тозалаб беришдан иборат. Озон қатламини ҳимоя қилишда қайсидир давлат томонидан эмас, балки глобал миқёсда ҳамкорликда ишларни олиб бориш лозим бўлади.
Халқаро миқёсда 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича Вена Конвенцияси ҳамда 1987 йилда Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи қабул қилинган бўлиб, 1993 йилда Ўзбекистон мазкур халқаро ҳужжатларнинг томонига айланган ва тегишли мажбуриятларни ўзига олган.
Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги 126-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан:
озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатишнинг асосий мақсадлари ва стратегик йўналишлари, чора-тадбирлари амалга оширилиши назарда тутилган Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастур;
Миллий дастурни бажаришда давлат органлари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар, озон қатламини емириш хусусиятига эга бўлмаган самарали технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича лойиҳаларни, шунингдек, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш тадбирларидан иборат Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастурни амалга оширишнинг “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Бундан ташқари, таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган Ўзбекистонга импорт қилиш ва Ўзбекистондан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига ўзгартиришлар киритилди.
Озонни бузувчи ёки уларга боғлиқ бўлган моддалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган совутиш жиҳозлари ва ҳавони кондиционерлаш ускуналарини Ўзбекистонга импорт қилинишига йўл қўймаслик чораларини кўриш давом эттирилади.
Шунингдек, озонни бузувчи моддалар қаторига кирмайдиган ҳамда иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатмайдиган табиий совитиш агентларидан (углеводородлар, углерод диоксиди, метилен хлорид ва бошқалар) фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш, шунингдек, бундай моддаларни республикада ишлаб чиқариш имкониятини вужудга келтиради.






