Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг "Ўқитувчилар ва ўқувчилар турмуши моддий шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига қўшимча киритилди.
Унга кўра, жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинган ўқувчилар сонига мос равишда тарқатилган ўқув қуроллари тўпламидан ортиб қолган қисми кейинги ўқув йили учун давлат харидларини амалга оширишда инобатга олинади.
Шу билан бирга, кейинги ўқув йилига қадар яроқлилик муддати тугайдиган ўқув қуроллари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотларининг мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳларига бепул фойдаланиш учун ажратилади.
Маълумот учун, 2026 йилда Ўзбекистонда 795 мингдан ортиқ бола 1-синфга қабул қилиниши кутилмоқда. Уларга "Президент совғаси" сифатида 12 турдаги ўқув қуролидан иборат тўплам берилади.
Тўпламдан ўқув сумкаси, 12 та дафтар, ручка, 2 та оддий қалам, рангли қаламлар тўплами, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, 2 та ўчирғич, рангли акварель бўёқлари, елим ва қаламдон ўрин олган.






