АсосийMadaniyat

Сурхондарёда ҳунармандчилик галареяси очилди

'Сурхондарёда ҳунармандчилик галареяси очилди'ning rasmi

Термиз шаҳрида ҳунармандчилик галареяси фойдаланишга топширилди. “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида ишга туширилган мажмуада усто-ҳунармандларнинг ўз маҳсулотларини кенг намойиш этиши ва шу ернинг ўзида сотиши учун барча шароит яратилган. Бу Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди. 

Сурхондарё вилоят ҳунарманд бошқармаси томонидан ишга туширилган галареяда соҳага қизиқиши бор ёшларга касб сирларини чуқур ўргатиш учун каштачилик, гиламчилик каби ўқув курслари ҳам ташкил этилиб, устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор миллий ҳунармандчилигимизни янада ривожлантириб, янги иш ўринлари барпо этиш ва ноёб қадриятларимизни дунёга кенг тараннум этишда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, бундан тўрт йил муқаддам воҳада 320 нафар ҳунарманд давлат руйхатидан ўтиб, фаолият юритган бўлса, жорий йилда уларнинг сафи 4 минг 800 нафарга етди. Улар томонидан йигирмага яқин ноёб маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Янги ташкил этилган кўргазмада ранг-баранг каштачилик, гиламдўзлик, мато, ёғоч ўймакорлиги, мусиқа асбоблари, миллий ўйинчоқ каби юзга яқин ҳунармандчилик буюмлари ўрин олган.

Келгусида кўргазмани янада бойитиш ва ўқув курслари сонини кўпайтириш мўлжалланмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар