“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Бухорийлар” МЧЖ томонидан суратга олинаётган “Йўқликка йўл” бадиий фильмини тасвирга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги хабар берди.
Фильм режиссёри ва сценарий муаллифи Қамара Камолова бошчилигида айни кунларда ижодий жамоа шакллантирилиб, Бухоро вилоятида съёмка жараёнларини бошлашди. Постановкачи оператор Оскар Бахтиев, постановкачи рассом Беҳзод Назаров, гримёр Дилшода Тилавова, либослар бўйича рассом Ирина Литвиенко.
Мазкур фильм ёш авлод ва кўпни кўрган катталар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ва зиддиятлардан ҳикоя қилади. Унда инсонни кексалик даври, бутун умри давомида орттирган тажрибаси ва ўз маънавий бойлигини ёшларга топширишдек масъулияти қамраб олинган.
Фильмнинг асосий воқеалари Бухоро вилоятида ва маълум қисми Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида бўлиб ўтади.