Кассация инстанцияси норози томонга қандай қулайлик яратади?
Сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди....
Сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Хусусан:
Олий судда маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман, шаҳарларда маъмурий судлар ташкил этилди;
Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 6 январдаги 11-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди;
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Президент томонидан 5 та қонун имзоланди.
Бу каби суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳамда судларда адолат, қонунийлик ва холисликни таъминлаш борасида белгиланган устувор вазифалар бўйича Олий судда ўтказилган матбуот анжуманида сўз борди.
2019 йил ва 2020 йиллар мобайнида маъмурий судлар томонидан 31 минг 321 та ариза кўрилиб, шундан 21 минг 272 таси ёки салкам 67,9 фоизи қаноатлантирилган.
Жумладан, ҳокимларнинг 2 минг 852 та қарори ноқонуний деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Шунингдек, жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.
“Ўтган 4 йилда 2 минг 770 нафар, фақат 2020 йилнинг ўзида 781 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 3 минг 434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 минг 958 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилган ёки ўзгартирилган. 2017 йилга қадар олтита суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда бу инстанциялар сони тўрттага келтирилди. Булар, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги катта ютуғимиздир”, деди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.
ФУҚАРОЛАРНИНГ СУДМА-СУД САРСОН БЎЛИБ ЮРИШИГА БАРҲАМ БЕРИЛДИ
Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганҚонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб:
биринчидан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилди.
иккинчидан, маъмурий тартиб-таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилди.
Шуларга асосан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, Конституциянинг 107-моддасининг 1-қисмига тегишли ўзгартишлар киритилди.
Бу эса фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммолари бир жойда ҳалқилинишига имкон беради.
ШИКОЯТ ҚИЛИШ ИНСТИТУТИНИНГ САМАРАДОРЛИГИ ОШАДИ
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Президент томонидан имзоланган бешта қонун туркуми мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотининг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
2021 йил 12 январдан эътиборан назорат тартибида иш юритиш интститути тугатилди.
- Очиғи, назорат инстанцияси халқаро ҳуқуқ амалиётига мос бўлмагани баробарида суд ишларининг йиллаб чўзилишига сабаб бўларди. Амалга киритилган янги тизим бу каби салбий ҳолатларга барҳам берди, - деди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.
Президент илгари сурган “бир суд – бир инстанция” тамойилига кўра, эндиликда, БИРИНЧИДАН, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди. Яъни:
биринчи инстанция – туманлараро, туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари;
апелляция инстанцияси – вилоят судлари, биринчи инстанцияда вилоят судлари томонидан кўрилган мураккаб тоифадаги ишлар бўйича – Олий суд;
кассация инстанцияси – Олий суддан иборат бўлди.
ИККИНЧИДАН, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.
Сарсонгарчиликни бартараф этиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадидавилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.
Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилди. Шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.
Вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилди. Натижада ушбу жараёндаги коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ошади.
Ўз навбатида, суд ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтининг тугатилиши ва кассациянинг учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига эришилади.