Ўзбек миллий кураши ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган IKA рефереси, Жанубий Корея Кураш ассоциацияси президенти Ким Эур Жонгга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фахрий профессори унвони берилди. Бу ҳақда «Дунё» АА мухбири хабар берди.

- Тақдиримни Ўзбекистон ва ўзбек кураши билан боғлаганимга яқинда 20 йил бўлади, - деди фахрий профессор. - Илк маротаба 2001 йил Тошкентда ўтказилган халқаро турнирда курашчи сифатида юртингизга келган эдим. Кейинчалик ўзбек кураши бўйича турли даражалардаги мусобақаларда ҳакамлик қилиш мени ўзига жалб этди. Курашдаги ҳалоллик, рақибга нисбатан ҳурмат ва инсонийлик ғоялари сабаб ҳаётим спортнинг ушбу қадимий тури билан чамбарчас боғланиб кетди. Ўтган йиллар мобайнида кураш билан яшадим, унинг ривожига арзимаган бўлсада ҳиссам қўшилаётганидан қувонаман.
Бугун курашни 140 дан зиёд давлатда билишади. Ҳоҳ Африка, ҳоҳ Америка ёки Осиё мамлакатлари бўлсин ўзбек кураши бўйича мусобақалар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. «Кураш», «ҳалол», «ёнбош» каби ўзбек тилидаги сўзлар жаҳон ареналарида жарангламоқда. Кураш орқали Ўзбекистонни танишмоқда. Миллий курашингиз ҳақиқий маънода Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланиб улгурди, деб бемалол айта оламан.
Яқин вақт ичида севимли курашимиз Олимпия ўйинлари дастуридан ҳам ўрин эгаллашига ишонаман, - дейди Ким Эур Жонг.






