Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Ўзбекистон Республикаси расмий ташрифи доирасида 2021 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто билан музокара олиб борди.
Учрашув аввалида вазир И.Абдураҳмонов юқори мартабали меҳмонни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар ва келажакдаги режалари билан таништирди.

Учрашув иштирокчилари икки давлат илм-фан намоёндалари ўртасида ҳамкорликни ва тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш мақсадида қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ушбу йўналишда 2021 йилнинг май-июнь ойларида қўшма-илмий лойиҳалар танловини эълон қилиш бўйича тегишли чоралар амалга оширишга ва илмий лойиҳаларни молиялаштириш бўйича умумий 2 млн. евро атрофидаги молиявий маблағлар ажратишга келишиб олинди.
Шунингдек, ёш тадқиқотчи ва олимлар малакасини ошириш ва Венгрия илм-фан соҳасидаги экотизим билан яқиндан танишиш мақсадида стажировкалар дастурларини ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Бунда 100 нафар ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчиларнинг тегишли таълим ва малака ошириш дастурида иштирок этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди Ўз навбатида, П.Сийярто ушбу йўналишда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Ўзбекистон ва Венгриянинг олий таълим муассасалари ва улар қошида ташкил этилган технологик парклар ўртасида яқин ҳамкорликни ўрнатиш бўйича томонлар олий таълим муассасалари ва технопарклар раҳбарларидан ташкил топган делегацияларни Ўзбекистон ва Венгрияга ташрифини амалга оширишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, томонлар венчур фондлар ва стартапларни молиялаштириш тизимларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш, ядровий энергиядан фойдаланишда ҳамкорлик борасида ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар. Икки давлат вазирлари глобал миқёсдаги муаммо – пандемия масаласига тўхталарканлар, коронавирусга қарши вакцинани яратиш ва ундан фойдаланишда ҳамкорлик ўрнатиш лозимлигини қайд этдилар.
Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири П.Сийярто Инновацион ривожланиш вазирлигининг Венгрия билан ҳамкорликда амалга ошириш учун имкониятлар кўламини юқори баҳолади ва муҳокама этилган йўналишларда вазирлик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашув дўстона руҳда ўтди.






