Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати 2 апрель куни тарқатган ахборотга кўра, коронавирусга чалингани гумон қилинган 56 нафар шахсдан олинган лаборатория таҳлил намуналари (ушбу намуналар айнан қайси санада олинганига аниқлик киритилмаган) вилоят вирусология лабораториясига юборилган, лаборатория текшируви натижаларига кўра (текширув айнан қайси санада ўтказилганига аниқлик киритилмаган) уларнинг 14 нафарида COVID-19 инфекцияси аниқланган.
Ушбу беморларнинг бари Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. 3 апрель, шанба куни вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати коронавирусга чалингани тасдиқланган 14 бемордан бири «шифокорлар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган муолажаларга қарамай» вафот этганини маълум қилди.
«Тумандаги ‘Совбоғ’ маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган 68 ёшли фуқаро Н.Р. ёндош касалликлари (қандли диабет) бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечди. Бемор ўткир қон томир ва нафас етишмовчилигидан вилоят юқумли касалликлар шифохонасида вафот этди. Туман ҳокимлиги жамоаси марҳумнинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига ҳамдардлик билдиради», — дейилади Ғузор ҳокимлиги ахборотида.
Қайд этиш жоиз, Ғузор туманида апрель ойида кузатилган 14 та касалланиш ва коронавирус оқибатидаги битта ўлим ҳолати ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилаётган Ўзбекистоннинг расмий коронавирус статистикасидан ўрин олмаган. ССВ маълумотларига кўра, апрель ойининг дастлабки уч кунида бутун Қашқадарё вилоятида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ фақат иккита ҳолат (2 апрель куни) аниқланган.
Маълумот учун, ССВ томонидан юритилаётган расмий статистика бўйича Қашқадарё вилоятида 2021 йил бошидан 3 апрелга қадар — 93 кун давомида — коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ жами 52 та ҳолат (кунига ўртача 0,55 та ҳолат) тасдиқланган. Хусусан, январь ойида 21 та (ойнинг 12 кунида касаллик аниқланган, қолган 19 кунида касаллик аниқланмаган), февраль ойида 9 та (ойнинг фақат 4 кунида касаллик аниқланган, қолган 24 кунда касаллик аниқланмаган), март ойида 20 та (ойнинг фақат 5 кунида касаллик аниқланган, қолган 26 кунида касаллик аниқланмаган) ва апрель ойида, юқорида таъкидланганидек, фақат 2 апрель куни 2 та ҳолат қайд этилган.