“Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6207-сон, 13.04.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Фармон билан Капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб, жумладан, қуйидагилар белгиланди:
➖ капитал бозорининг рақобатбардошлигини ошириш ва унинг капиталлашувини 2023 йил якунига қадар 45 трлн сўмга етказиш, банк томонидан кредитлашга муқобил бўлган самарали молиялаштириш механизмини яратиш;
➖ капитал бозорини тартибга солишнинг яхлитлигини ва тизимли таваккалчиликларнинг олдини олишни таъминловчи қонунчилик базасини яратиш;
➖ миноритар инвесторлар, капитал бозорининг бошқа иштирокчилари ҳамда аҳоли кенг қатламларининг билимлари, кўникмалари ва молиявий саводхонлигини оширишни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида 2023 йил якунига қадар 40 минг нафар аҳолини қамраб олиш.
Фармонга кўра, 2021–2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастури ҳамда уни амалга ошириш натижасида эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Эркин муомаладаги қимматли қоғозларнинг умумий ҳажмини ялпи ички маҳсулотнинг камида 5 фоизига етказиш Дастурнинг асосий мақсади ҳисобланади.
2023 йил 1 январдан маҳаллий эмитентлар ўз акцияларини дастлаб республика фонд биржасида жойлаштиргандан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра хорижий фонд бозорларида жойлаштириши мумкин.
Оммавий савдолар орқали акцияларни IPO ёки SPO усулида жойлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди.
2021 йил 1 ноябрга қадар “Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси” ҳисоб рақамлари Марказий банкка ўтказилади.
Фармонга кўра, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ноиқтисодий йўналишдаги олий таълим ташкилотлари талабалари учун “Молиявий саводхонлик” ўқув курси фан сифатида жорий этилади.