АсосийMadaniyat

Озодбек Назарбеков Оқдарё маданият марказига айтмасдан бориб, ачинарли ҳолатга дуч келди (видео)

'Озодбек Назарбеков Оқдарё маданият марказига айтмасдан бориб, ачинарли ҳолатга дуч келди (видео)'ning rasmi

Самарқанд вилояти Оқдарё туман маданият марказига режалаштирилмаган ташриф билан кириб келганимизда ходимлар иш жойида эмаслигига, марказ ерларининг тадбиркорларга бериб юборилганига гувоҳ бўлдик. Ачинарлиси, хоналарда файз йўқ, тўгараклар фаолияти ҳаминқадар, худди қаровсиз қолган кераксиз бинога ўхшайди. Кўнглимиз хира тортди. Биз марказ раҳбари ва ходимларига ишониб топширган санъат ва маданиятни тарғиб этувчи даргоҳнинг ҳоли шу бўлса, ёшларни санъатга жалб этиш мақсадидаги тинимсиз ҳаракатларимиз, тарғибот ва ташвиқотларимиз самара берармикан, деган ўйда қолдик...

Кейин улардан касбига, иш жойига нисбатан бу даражада совуққонлик боисини сўрадик. Яна ўша эски муаммолар: маош камлиги, моддий техник базанинг етарли эмаслиги...

Тўғри, йиллар давомида маданият соҳасига эътибор пасайиб кетган эди. Лекин ҳозир бунинг акси-ку, санъат ва маданият соҳасини ривожлантириш бўйича Президентимизнинг қатор фармону қарорлари чиқариляпти. Улар туфайли бизнинг бағримизга ҳам шамол тегади, санъат ва маданият  ходимларини шароити яхшиланади, энди ўзини ўзи эплаб кета олади ва молиявий фаровонликка эришади, деб ўйлаган эдик. Минг афсуски, шундай имкониятлардан бехабар қолиб кетаётган, фармон ва қарорларга бир бора бўлса-да кўз югуртирмаётган, ундан фойдалана олмаётган соҳа вакиллари ҳали кўп экан орамизда.

Уйғонинг! Ахир сизнинг манфаатларингиз йўлида тинимсиз изланяпмиз-ку, нега сиз ҳали ҳам ғафлат уйқусидасиз?! Бугун жамиятимизга уйғоқ кадрлар керак, чунки замон ўзгаряпти, одамларнинг дунёқараши ўсяпти. Яратган сизга истеъдод берибди. Бу сизнинг санъатингиз! Маданият марказларида ансамбллар, гуруҳлар ташкил қилиб, уни ранг-баранг дастурлар билан бойитиб, чиқмайсизми, ташкилот ва идораларга, эшикма-эшик юриб, ўз хизматингиз ҳақида хабар бермайсизми?

Бизнинг халқимиз ҳақиқий санъатни тушунади, уни қадрлайди. Лекин сиз ўз санъатингизни кўрсатиш йўлларини тополмаяпсиз. Бунинг учун бир жойда кутиб ўтириш эмас, изланиш, замонавий билимларни эгаллаш, хориж тажрибасини кузатиш ва ўрганиш керак! Санъат ва маданият тарғиботи энди ўз қўлингизда, буни доимо ёдда тутинг! 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар