Жорий йил 21 апрель куни “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Унга биноан, 2021 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда тақдим этилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла РЎЗМЕТОВ маълум қилди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга эса тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилади. Энг муҳими, тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликлар кредит шартномалари сонидан қатъи назар берилади. Фақат компенсациялар тақдим этилаётган кредитларнинг умумий суммаси 10 млрд сўмдан, кафилликларнинг умумий суммаси эса 8 млрд сўмдан, бироқ умумий кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.
Шунингдек, мазкур ҳужжатга мувофиқ, экспортни рағбатлантириш агентлиги экспорт қилувчилар томонидан товарлар улар бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан экспорт қилинганда, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитларни молиялаштиришга тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этади. Бунда, ушбу ресурслар ҳисобидан кредитлар тўловлар кечиктирилган муддатга ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, аммо 3 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда, йиллик 4 фоизли ставка (шундан, 2 фоизи банк маржаси) билан ажратилади.
Аҳамиятли томони, эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллик ва компенсацияларидан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эга бўлишади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг 70 фоизи кичик бизнес лойиҳаларига, 30 фоизи эса устувор равишда ўзини ўзи банд қилишга йўналтирилади.
Қарорда белгиланган яна бир муҳим янгилик – жорий йил 1 июндан бошлаб уч йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектлари солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига ҳам эга бўлишади.
Фақат шугина эмас. Қарор билан уч йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи ҳам берилди. Бунинг учун ушбу тартиб бўйича гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ ёки тўловлар суммаси тадбиркорлик субъекти томонидан охирги уч йил давомида тўланган солиқ ёки божхона тўловлари суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.






