6-7 май кунлари Андижон вилоятининг айрим ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел тошқинлари кузатилган. Табиий офат оқибатида Андижон вилояти «Қирғиз» канали орқали оқиб келган сел оқимлари Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманидаги 278 та турар-жойларнинг яшаш хонадонлари ва ҳовлисига кирган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш юзасидан Хонобод шаҳрининг «Тейит» маҳалласи ҳудудида вилоят ҳокими бошчилигида штаб ташкил этилган. Штаб таркибида шаҳар ва туман ҳокимликлари, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардиянинг вилоят бошқармалари 600 дан зиёд ходимлари томонидан транспорт, куч ва воситалари жалб қилинган ҳолда табиий офат оқибатларини бартараф этилмоқда. Ҳудуддаги ҳар бир хонадон эгалари билан мулоқот ўтказилиб, барча зарур ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, электр, сув таъминоти, қурилиш ва бошқа мутасадди корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 100 дан ортиқ техникалари, 500 дан ортиқ кўнгилли ходимлар, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси волонтёр ёшлари Хонобод шаҳрида табиий офатдан зарар кўрган ҳудудда қатор ишлар олиб боряпти.
Хонобод шаҳар “Тейит” маҳалла фуқаролар йиғинида 2021 йил 6 майдан 7 майга ўтар кечаси кучли сел оқибатида зарар кўрган фуқароларнинг холидан хабар олиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси М.Ғаниева, вилоят Кенгаши котибияти мудири М.Тўйчиева ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари талофат кўрган хонадонларга кириб, керакли ёрдамлар кўрсатишган.
Жиддий офат кўрган М. Абдурахимов, Б. Хайдаров, Ш. Хайдаров, М. Каримова ҳамда табий офатдан 2 нафар фарзанди халок бўлган Х. Умурзақовнинг хонадонига кириб тазия билдирилди хамда озиқ-овкат, кўрпа тўшак ва кийим кечаклар билан таъминланган.