Хорижий тилларда 24 соат давомида эфирга узатиладиган теле ва радиоканаллар ишга туширилади. Ҳар куни камида 3 соатлик дастур хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади. Бу тўғрисида ҳукумат қарори имзоланди.
Ҳукумат қарорига кўра, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳузурида ташкил этиладиган мобил гуруҳлар олис ҳудудларда жойлашган ёки хорижий тилларни ўқитиш бўйича кўрсаткичи паст бўлган таълим ташкилотлари ўқитувчиларининг малакасини оширишга жалб этилади.
Ҳар бир туман (шаҳар)да очиқ танлов ўтказилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан камида 2 нафар инглиз тили ўқитувчиси ва бир нафар бошқа хорижий тил ўқитувчиси хорижий давлатларга қисқа муддатли малака оширишга юборилади.






