Дарҳақиқат китоб ўқимаган инсоннинг маънавияти бўлмайди. Дунёқараши паст бўлади, олам сирларини билмоқ истасак кўп китоб ўқимоқ керак. Зеро, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи ”.
Халқимиз тилида ҳам китоб ўқиб билим ва муносиб таълим-тарбия олиш, илм-фан билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Гўзаллик – илму маърифат билан”, “Илм бахт келтирар, билим тахт келтирар”, “Ҳунар – оқар булоқ, илм – ёнар чироқ”, “Бахт белгиси – билим”, “Билим – ақл чироғи”, “Бешикдан қабргача билим изла”, “Олтин олма, билим ол, билим олсанг, билиб ол”. Бу каби пурмаъно ва серҳикмат нақллар китоб севувчи халқимиз луғатида кўплаб топилади.
Энг асосийси, неча асрлардан буён сайқалланиб, қанчадан-қанча авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқона ҳикматлар негизидаги асл ҳақиқат шуки, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли ҳамда давлатли бўлишининг муҳим омили – бу китобга ошно бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва унинг мутолаасини умр бўйи канда қилмасликдир. Айниқса, ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди.
Китоб инсонни комилликка етаклайди. Ҳаёт қоидалари яшаш санъатини ўргатади. Китоб билим беради, илм эса зиё, нур, маънавий қувват демакдир.
Китоб инсоният онгли ҳаёти ва маънавият оламининг бош тимсолларидан саналади. У – бепоён олам: бағрикенг, осмони баланддир. Китоб билим манбаи, инсоният тўплаган ҳикматлар хазинаси, ижтимоий онг маҳсулидир.
Китоб мутолааси инсон тафаккурини оширади, ҳаётга теран кўз билан қарайди. Эътибор берган бўлсак, сўнгги вақтларда ёш авлод, болалар интернет ва турли ижтимоий тармоқларга қизиқиб кетиб, кўп китоб ўқимай қўйган эди. Бу билимсизликдан дарак беради. Бугун ватанимиз жадал ривожланаётган бир даврда аждодларимиз, донолар фикрида ўз аксини топган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантиришга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки ёш авлоднинг ҳар томонлама шаклланишидакитоб мутолаасининг ўрни беқиёслигини англаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилинди. Бу ҳужжатда аҳолининг кенг қатламини китоб ўқишга жалб қилиш, китоб ўқиш ва китобхонликни тарғиб этиш, вояга етган фарзандларимизни боғча ёшидан бошлаб китобга меҳрли қилиб тарбиялаш, китоб маҳсулотларининг мазмунига эътибор бериш, уларни чоп этиш сифатини яхшилаш, турли мазмундаги китоблар билан тўлдирилган китоб дўконларини кўпайтириш, китоблар фондини янада бойитиш кўзда тутилган.
Мамлакатимизда кўп китоб ўқишни тарғиб қилиш мақсадида кенг кўламли маънавий ислоҳотлар, тадбир, тушунтириш ишлари, шоирлар билан учрашувлар натижасида болаларнинг китобга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Барча таълим масканларида, жумладан бизнинг 15-ўрта умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларнинг китобхонлик маданиятини тобора юксалтириш мақсадида сайёр ўқув-семинарлар, ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазалари, талаб эҳтиёжлари асосида бадиий адабиётлар кутубхоналарга келтирилмоқда.
Ва ниҳоят Президент Ш.Мирзиёевнинг мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 5 ташаббус йўналиши асносида китобга меҳр-муҳаббат кучайтирилди. Натижалар самараси ўлароқ болалар ўртасида турли тадбирлар китобхонлик кечаларида беллашувлар ўтказилиб ижобий натижаларга эришилмоқда. Кўп китоб ўқиган китобхон турли номинацияларда моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда, жумладан қимматбаҳо буюмлар, ҳатто, машиналар совға қилинмоқда. Бу орқали болаларнинг, китобга ошно қалбларнинг минг яширин қирралари очилмоқда, ўзларини намоён этишмоқда. Шу ислоҳотлар самараси асносида бизнинг мактабимизда ҳам нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-оналари ҳам китоб инсон учун энг яқин дўстлигини тушунишмоқда ва фарзандлари билан бирга мутолаа қилишмоқда.
Таълим муассасаларида бу жараён ўқувчиларнинг билим даражасини оширишга, ақл-заковатини кучайтиришга ёрдам бермоқда. Шунинг учун ҳам ёшларни ҳар томонлама фикрлайдиган, маънан етук, ҳар қандай ахборотларни ақл билан таҳлил эта оладиган, баркамол инсон қилиб тарбиялаш биз ўқитувчиларнинг асосий вазифамиздир.
Раҳимова Гулчирой Алиқуловна
Самарқанд вилояти Жомбой тумани
15-ўрта умумтаълим мактаб бошланғич таълим ўқитувчиси